ПФЛ вакиллари ОФК семинарида иштирок этишди
Мамлакат чемпиони тўғридан-тўғри гуруҳ босқичидан иштирокини бошласа, Ўзбекистон кубоги соҳиби ҳамда Суперлигада 2-ўринни қўлга киритадиган жамоалар эса ОЧЛ саралашининг иккинчи босқичидан курашга киришиш имкониятига эга бўлишади.
19-20-21 ноябрь кунлари Куала Лумпур шаҳрида жойлашган Осиё Футбол Конфедерацияси бош қароргоҳида келаси йилги Чемпионлар Лигаси учрашувларида ўйин ташкилотчилиги борасида ОФК томонидан тайинланадиган учрашув комиссарига яқиндан ёрдам бериши кўзда тутилган маҳаллий координаторлар ҳамда медиа офицерлар учун махсус семинар ташкил этилди. Унда Профессионал Футбол Лигаси вакиллари – Лицензиялаштириш бўлими бош мутахассиси – Муҳаммад Содиқ Содиқ-Оҳунов ҳамда ПФЛ матбуот ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси – Зохиржон Акрамхоновлар иштирок этишди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.
Семинар давомида клублар миқиёсидаги қитъамизнинг энг нуфузли мусобақаси учрашувларини юқори савияда ташкил этиш, ўйин комиссарига ҳар жабҳада яқиндан ёрдам бериш, учрашув олди ва ундан кейин ўтказиладиган расмий тадбир, машғулот ва матбуот анжуманларини қай тариқа халақаро стандартлар асосида ташкил этиш бўйича муҳим маълумотлар берилиб, амалий машғулотлар ўтказилди.
Жумладан, ОФК Мусобақаларни ўтказиш бўлими бошлиғи – Шин Ман Гил, Клублар ўртасидаги мусобақалар учун масъул – Павел Лузанов ҳамда медиа бўлим раҳбари – Четан Кулкарни ортда қолган ОЧЛ-2018 сарҳисоби ва кейинги йил бўладиган қитъа Чемпионлар Лигаси учрашувларда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, маҳаллий координаторлар ҳамда медиа офицерларнинг халақаро учрашувни ўтказишдаги муҳим аҳамияти борасида маърузлар ўқишди.
Фикрлар