Қиличбозлик. Шерзод Мамутов Россия очиқ чемпионатида совриндор бўлди
Йиғин доирасида ҳамюртларимиз 4 карра Олимпия ўйинлари чемпиони С.Поздняков соврини учун кадетлар ўртасидаги Россия очиқ чемпионатида ҳам иштирок этишди. Ушбу мусобақада Россия ва Ўзбекистондан ташқари қозоғистонлик қиличбозлар ҳам қатнашишди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
Ўғил болалар ўртасидаги беллашувларда 133, қизлар ўртасидаги баҳсларда эса 99 нафар спортчи иштирок этди.
Қувонарлиси, ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шерзод Мамутов ярим финалгача етиб бориб, бронза медалига эга чиқди. Терма жамоамизнинг бошқа бир аъзоси Бобур Расулов эса мусобақанинг чорак финалида мағлуб бўлди. Қизлар ўртасидаги беллашувларда Зайнаб Дайибекова 1/8 финалгача етиб борди.
Қайд этиш лозимки, ушбу мусобақа Россия терма жамоасини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга ва мусобақада муваффақиятли қатнашган россиялик ёш қиличбозлар терма жамоа сафида жаҳон ва Европа чемпионатларида иштирок этишлари мумкин бўлади. Маълумот учун, 13-маротаба ташкил этилган ушбу мусобақада илк маротаба хорижий қиличбоз, яъни Шерзод Мамутов совриндорлар қаторидан ўрин олди.
Фикрлар