Самвел Бабаян: «Локомотив» учун янги футболчилар қидириш билан шуғулланаман

Тошкентнинг «Локомотив» клубида «Пахтакор» ва Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ устози Самвел Бабаян президент маслаҳатчиси бўлиб ишга киришди. Хабарингиз бор, ЎФА уни бир умрга футболдан четлатганди. Шу боис ҳам Бабаяннинг «Локомотив»да иш бошлаши кўпчилик учун «сюрприз» бўлди.

Бабаян янги лавозимга киришганидан сўнг interfutbol.uz сайти мухбири билан суҳбатлашди.

- Терма жамоадан кетганимдан сўнг Латвияда фаолият олиб бордим. Юрмаланинг «Спартак» клубида бош мураббий лавозимида иш бошлагандим. Бироқ ОФКдан олган «Про» лицензиям УЕФАда ишламас экан. Шундан сўнг клуб раҳбариятида фаолиятимни бошладим. Шу ўринда айтмоқчиман уч ойдан кейин тегишли лицензияни қўлга киритиш учун ўқийман.

Хуллас бир неча кун олдин «Локомотив»дан таклиф олдим. Ўз юртимни яхши кўрганим учун ҳам қайтишга қарор қилдим. Умид қиламанки, «Локо»нинг юқори марраларни забт этишида ўз ҳиссамни қўшаман.

Футболдаги янги одам эмасман. «Пахтакор»да етарлича тажрибага эга бўлганман. «Локомотив»да клуб президентининг маслаҳатчиси бўлиб ишлайман. Клуб ўз академиясини кучайтиришни мақсад қилган. Шу боис ҳам селекция ишлари билан ҳам шуғулланаман.

Аммо бу мураббийлар штабида ишлайман дегани эмас. Бироқ кабинетда ўтириш ниятим йўқ. Чунки уни ёқтирмайман Жамоа учун янги футболчилар қидириш билан шуғулланаман. Эртаданоқ академияда қилинадиган ишларни белгилаб оламиз.

Кучли клубларнинг академиялари, хусусан «Краснодар» академияси билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз. Режамизда «Коппа Карнавале» турнирида қатнашиш ҳам бор.

Ўзингизга маълум «Пахтакор»нинг ёшлари бу турнирда мунтазам қатнашиб келишган. Насиб қилса «Локомотив» ҳам Италияда бўлиб ўтадиган мусобақада иштирок этади.

- «Сурхон»да ишлашингиз мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқаганди...

- Термизда иш бошламаганман. Шунчаки «Сурхон» бош ҳомийси «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари Абдуғани Сангинов жамоага таклиф қилганди. У билан баъзи нарсаларни маслаҳат қилдик, холос.

- Сизни ЎФА бир умрга футболдан четлатганди...

- Дисквалификация қилишганидан икки ҳафта ўтгач уни бекор қилишган. ЎФА ижроқўмининг 2018 йил 1 февралдаги 5-сонли қарорига кўра дисквалификация бекор бўлган.

Дисквалификация қилинганимда ҳам, уни бекор қилишганида ҳам бу ерда бўлмаганман. Ўшанда Москванинг «Спатрак» клубида малака ошираётгандим. Кейинчалик Латвиянинг «Спатрак» жамоасига йўл олдим.

Москвага борганимдан кейин мен билан суҳбат қилишди. Ўша суҳбат эса интернетга чиқиб кетди. Аслида у ерга шунчаки тажриба орттириш учун боргандим. Нима учун айнан «Спартак»да малака ошираётганимни сўрашди.

Уларга Массимо Каррера кучли мутахассис экани ва ундан ўрганмоқчи эканлигимни айтдим. Ўзингизга маълум, Каррера «Ювентус»да Конте билан бирга ишлаган.

sama_Copy_1

- Ўшанда мухлислар томонидан жиддий танқидларга учрагандингиз…

- Танқидларни нормал қабул қиламан. Ҳамманинг ўз фикри бор. Кимдир у дейди, бошқаси бу дейди. Аммо мен Ўзбекистонни яхши кўраман. Айнан шу туфайли бу ерга қайтдим. Терма жамоа учун мени танқид қилишганини биламан.

Лекин мен терма жамоа мураббийлигида майдонда боримни берганман. Қўлимдан келганини қилганман. Терма жамоани қабул қилишдан олдин, бу иш қанчалик катта масъулият талаб этишини билганман.

Мақсадим иқтидорли футболчиларни топиш. Бу ишни олдин уддалаганман. Энди «Локомотив»да ҳам шуни такрорлашга уриниб кўраман.

«Пахтакор»да 15 йил ишладим. Бу вақт давомида клубнинг 42 та футболчиси терма жамоада дебют қилди. 200 та футболчи турли ёшдаги терма жамоаларда ўйнади. «Пахтакор» 9 марта мамлакат чемпиони бўлди. Энди бор кучимни «Локомотив»да кўрсатмоқчиман. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Мурадбой
27/02/2019 22:33
Сенга колме улсин узбек футболи, секин секин чичиб шувесан