Санъат Шарипов: Мисрда ҳам Куперга бундай шароит қилиб берилмаган

ЎФА матбуот хизмати Санъат Шарипов билан ўзбек футболида олиб борилаётган ислоҳотлар, хориж тажрибаси ва бошқа мавзуларда суҳбат уюштирди. Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Сиз жуда кўп мамлакатларда бўлгансиз, кўплаб миллий чемпионатларнинг бевосита гувоҳига айлангансиз. Ўзбекистон Суперлигасининг ҳозирги формати ҳақида қандай фикр билдирасиз? Амалга оширилаётган ўзгаришлар ўз самарасини бермоқдами?


- Мустақилликка эришганимиздан буён миллий чемпионатимизда турли йилларда 20 тадан 16 тагача жамоалар тўп суриб келишган эди. Бунда уйда-меҳмонда тизими қўлланар эди. Юртимизда футбол йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Ўз ўрнида ПФЛ ҳам ривожланмоқда. ПФЛ раҳбарияти 12 та жамоа қатнашадиган ҳозирги форматни танлашидан асосий мақсад ҳам айнан милллий чемпионатимизни ривожлантириш бўлган, деб ўйлайман. Чемпионатнинг қизиқроқ ўтиши, муросасиз баҳсларнинг кўпайиши, сўнгги турларга қадар интригани сақлаб қолиш учун ҳам ушбу тизим футбол мутасаддилари томонидан ишлаб чиқилганига шубҳам йўқ. Бир нарсани айтиб ўтишни истардим. Ким хато қилмайди биласизми, ишламаган одам. Иш бор жойда албатта камчиликлар бўлади. Бу тизимга айрим футбол мутахассисларининг эътирози бўлди. Бу табиий ҳол. Бутун дунё футболида эътирозлар мавжуд ва бу ҳар доим давом этади. Ҳозир футболимиз ўтиш даврини бошдан кечираётгандек. Вақт ўтиши билан барча ишлар мукаммаллаштириб боришига умид қиламан. Тизимнинг мукаммаллашишида раҳбариятдан тортиб барча ходимларгача тинмай изланиш олиб боришмоқда. Шу сабаб ҳам ишқибозлар футболга қайтишмоқда. Стадионларимиз ишқибозлар билан тўлмоқда. Наманган, Бухоро, Қўқондаги стадионларни мисол қилиб келтиришим мумкин. Чемпионатнинг 12 жамоали тизимга ўтиши яқин келажакда ўз мевасини беради албатта. Вақт ўтиши билан бу форматда қоламизми, ёки бошқа мукаммалроқ формат ўйлаб топиладими билмадим. Аммо асосий мақсад, яъни футболни ривожлантириш доимо асосий мақсад бўлиб қолаверади. Шу ўринда қўшимча қилиб ўтишни истардим. Дунёга машҳур “Pepsi” брендининг Суперлиганинг титул ҳомийсига айлангани бежиз бўлмаса керак. Фикримча, бу футболимиз ривожланаётганидан, чемпионат учун тўғри формат танланганидан дарак беради. Мен Ўзбекистон футбол ассоциациясига яқинда иш бошладим. Олдин бўлиб ўтган ишларга баҳо бера олмайман. Аммо ҳозирда ўз кўзим билан кўрган бир нарсани аниқ айтишим мумкин – Ўзбекистон футбол ассоциациясида барча футболни ривожи йўлида астойидил меҳнат қилмоқда.


- Футболдаги шаффофликни таъминлаш, қинғирликларга қарши курашиш мақсадида ЎФАда янги бошқарма ташкил қилинди. Ушбу бошқарманинг фаолияти давомида эътибор қаратиш бўлган энг асосий жиҳатлар нималардан иборат?

- Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице президенти Умид Аҳмаджонов томонидан футболдаги шаффофликни таъминлаш, қинғирликларга қарши курашиш бошқармаси ташкил қилинди. Бу жуда ҳам ёш бўлим бўлганлиги сабабли олдинда ўрганиши керак бўлган ишлар талайгина. Аввало ушбу бошқарманинг ҳуқуқий тарафдан ваколати қандай эканлигини аниқлаштириб олишимиз зарур. Тажриба орттириб, барча ташкилий-ҳуқуқий ишлар тўғри йўлга қўйилгандан сўнг албатта бу бўлим футболимизга жуда катта фойда беришни бошлайди.

- Бизга маълумки, сентябрь ойида Россияга сафар уюштирилиб, ушбу мамлакат футбол уюшмаси, Россиядаги спорт ҳуқуқшунослиги бўйича фаолият юритаётган компаниялар фаолияти ўрганилади ҳамда ҳамкорлик ўрнатилади. Октябрда эса мазкур соҳа бўйича ФИФА саммити ўтказилади. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Сентябрда Россияга уюштирадиган сафаримиз давомида Россия футбол уюшмаси ва профессионал футбол лигаси вакиллари билан “Локомотив” ва “Спартак” жамоалари раҳбарлари билан учрашув ўтказамиз. Учрашувлар давомида футболдаги аудит ва юридик ишларнинг профессинал йўлга қўйилиши билан боғлиқ масалалар бўйича тажриба орттирамиз. Норматив ҳужжатлар билан танишиш имконимиз бўлади. Келишилган ўйинларнинг олдини олиш, футболчилар билан тузиладиган меҳнат шартномалари бўйича саволларимизга жавоб олишга ҳаракат қиламиз. Кейинги мавсумлардан бошлаб профессионал футбол лигамизда ягона меҳнат шартномасини амалга киритишни ПФЛ раҳбариятига таклиф билан чиқмоқчимиз. Бунда клублар меҳнат шартномасини ўзларича туза олишмайди. Бу йўлда биз Швейцария, Италия ва Россиянинг спорт ҳуқуқшунослиги бўйича етакчи мутхассислари билан музокаралар олиб боришни режалаштирганмиз. Агар режамиз амалга ошса, унда Суперлига ва Пролигадаги клубларимиз ПФЛ томонидан ишлаб чиқиладиган шартномаларни татбиқ қилишга мажбур бўлади. Келишилган ўйинлар борасида ҳам тўхталиб ўтишни истардим. Бундай ўйинларни исботлаш осон нарса эмас. Бунда фақатгина гумонга асосан қарор қабул қила олмайсиз. Қўлингизда аниқ далил-исботлар мавжуд бўлиши шарт. Бу иллат футбол бозорида жуда ҳам узун илдиз отиб кетган. Бундай ўйинларни исботлаш энг қийин масалалардан биридир. Бу иллатга яққол мисол қилиб 2006 йилда Италияда бўлган можароларни келтириб ўтишимиз мумкин. Ўшанда Италия футболида рўй бераётган қинғирликлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аниқланган эди. Бизда ҳам бундай идоралар билан алоқа ўрнатишимиз учун регламентни қайта кўриб чиққан ҳолда, уларга айрим ваколатларни беришимизга тўғри келади.


- Ноябрь ойида Тошкентда махсус семинар ташкил қилинар экан. Ушбу семинарга кимлар таклиф этилади ҳамда асосий мавзу нималардан иборат бўлади?

- Хақиқатда ноябрь ойида Ўзбекистон футбол ассоциацияси спорт ҳуқушунослари учун Тошкентда катта семинар ўтказишни режалаштирган. Ушбу семинарга Россиянинг энг машҳур спорт соҳасида иш олиб борадиган юридик компанияни таклиф этамиз. Ушбу семинар Ўзбекистон Суперлигаси ва Про-лигаси юристлари, мутахассислари ва биз билан бирга футболни назорат қилишда ҳамкорлик қиладиган ҳуқуқ тартибот органлар, солиқ инспекцияси вакиллари учун сўзсиз фойдали бўлади. Ушбу семинарда футболимиздаги бир қатор оғриқли масалалар кўтарилиб, уни ҳуқуқий томондан ечимини топиш муҳокама қилинади. Улардан бири ўтган йилларда бизда доимий равишда клуб ва ўйинчилар орасидаги меҳнат шартномалари билан боғлиқ муаммолар вужудга келган. Клуб раҳбарлари ўз ваколатларини суистеъмол қилиб, ўйинчиларнинг шартномаларига истаган нарсаларни қўшиб қўл қўйишган. Якунда шартнома фақат бир томон манфаатини ҳимоя қилиб келган. Яна бир нарса, шу вақтгача клублар раҳбарлари агент деган тушунчага жуда салбий қараб келишган. Агентлар футболнинг ажралмас қисмидир. Қачонки, ҳуқуқшунослар ва футболчиларнинг вакиллари бемалол ишласа, шунда ўсиш бўлади ва меҳнат шартномаларида турли камчиликларга йўл қўйилмайди. Мақсадимиз клубларда ишлайдиган ҳуқуқшуносларнинг спорт директорлари билан тенг ҳуқуқли овозга эга бўлишларини таъминлашга эришишдир. Шу кунгача клуб президенти ёки спорт директори нимани лозим топса шартномага қўшиб қўйилган. Хуллас россиялик етакчи спорт ҳуқуқшунослариЎзбекистондаги ҳамкасбларига малакаларини оширишда ёрдам берадилар. Бундай семинар ўзбек футболи тарихида биринчи марта ташкил этилади. Семинар давомида юқорида айтиб ўтилган хорижий юридик компанияларнинг ваколатхоналарини Ўзбекистонда ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади. Бу ишларни амалга оширадиган вақт етиб келди деб ҳисоблайман.


- Футболда ёш кичрайтириш муаммосига қарши курашиш учун қандай чора-тадбирларни амалга ошириш керак?

- Бу оғриқли муаммога қарши курашиш учун янги туғилган чақалоқларга гувоҳнома бериш тартибини тўлиқ электрон тартибга ўтказиш керак деб ҳисоблайман. Бунда марказлашган ягона система ташкил қилиш керак бўлади. Аммо бу ҳам мукаммал тизим бўла олмаслиги ва бу тизимни ўзгартириш, четлаб ўтиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Лекин ҳар ҳолда анча фойда беришига ишонаман. Авваламбор бу соҳада ишловчиларга бунинг қанчалар ёмон ишлигини, ватан манфаатлари ҳар бир инсон учун биринчи ўринда туриши кераклигини тушунтиришимиз, уларнинг онгига сингдиришимиз шарт. Бу жуда ҳам аянчли ҳолдир. 2011 йилда Мексикада, 2013 йилда Туркияда, 2015 йилда Янги Зеландияда ўйнаган ёшларимизни эсланг. Биз келажакда яна ҳам кучайишини кутган ўйинчиларимиз футбол оламида ном нишонсиз йўқ бўлиб кетишди.


- Футболда ҳалоллик бўйича чет эллардаги офицерлар фаолияти билан яқиндан танишсиз. Мана шу ҳақида фикр билдириб ўтсангиз.

- Ҳозирда футболдаги ҳалоллик бўйича офицер жуда ҳам керак. Бу соҳа вакиллари ФИФАнинг ўзи томонидан назоратга олинган. Кузда футболдаги ҳалоллик масалалари бўйича ФИФА томонидан катта конгресс ташкил қилинмоқда. Бу конгрессда ўзбекистонлик вакиллар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Бу бўлим ҳам ЎФАда янги ташкил қилинганини ҳисобга оладиган бўлсак, конгресс вакилларимиз учун катта тажриба тақдим қилиши шубҳасиз.


- Миллий терма жамоамизга Эктор Купернинг бош мураббий этиб тайинланишига ўз муносабатингизни билдириб ўтсангиз.

- Ўзбекистонлик футбол мухлислари, жумладан, ўзим ҳам оддий ишқибоз сифатида терма жамоамизга тажрибали хорижлик мутахассис келишини кутган эдик. Айримлар томонидан терма жамоамизда бир йил давомида бош мураббийлар орасида узилиш бўлганини нотўғри тушунишди. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган тажрибали мураббий ҳеч қачон олдига қўйган мақсади сари интиларкан, жараён ниҳоясига етгунга қадар бошқа терма жамоалар билан музокарага киришмайди, яъни мақсадидан чалғимайди. Шу сабали ҳам Купернинг жаҳон чемпионатидан сўнггина музокаралар столига ўтиришини профессионаллик деб ҳисоблайман.

Ҳозирда аргентиналик мутахассис ўз ёрдамчилари билан биргаликда аллақачон ишни бошлаб юборди. Турли чет давлатларида ўз кўзларим билан кўрганларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳатто жаҳон чемпионатида қатнашган Миср терма жамоасида ҳам ЎФА томонидан Эктор Куперга яратилган шароитлар йўқ эди. Қатар, Хитой каби футболга катта маблағлар сарфлаётган терма жамоалар ҳам ҳозирча Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олишмаяпти. Айтмоқчи бўлганим, мундиалга йўл олиш учун барча ишлар профессионал тарзда ташкил этилиши керак. Буни Купернинг ўзи ҳам бир неча маротаба таъкидлаб ўтди. Умид қилиб қоламизки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, терма жамоаларимизни Олимпиада ва Жаҳон чемпионатларида кўриш барчамизга насиб қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!