Сардор Рашидов: “Бунёдкор” – мен учун бегона жамоа эмас
Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада Малайзия пойтахти Куала Лумпур шаҳрида 2017 йилги Осиё Чемпионлар лигаси турнирига қуръа ташланди.
Қуръа натижаларига кўра, гуруҳ босқичига чиқиш учун бўладиган плей-офф баҳсида Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси 7 февраль куни сафарда Қатарнинг “Ал Жаиш” клуби тўсиғидан ўтиши керак бўлади.
Сиз-у бизни бефарқ қолдирмайдиган жиҳати шундаки, Доҳа жамоаси таркибида айни пайтда собиқ “Бунёдкор”чи Сардор Рашидов етакчилардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонлик маҳоратли ярим ҳимоячи SPORTS.uz интернет-порталига мазкур қуръа ва собиқ жамоасига қарши баҳс борасидаги фикрларини ўртоқлашди.

- Ўтган ҳафта бўлган қуръа ташлаш маросимини катта қизиқиш билан кузатдим. Қуръа бўлса анчагина қизиқарли жуфтликлар ва рақибларни тақдим этди. Масалан, ҳозир мен ўйнаётган “Ал Жаиш” плей-оффда “Бунёдкор” қаршилигини енгиши лозим бўлади. “Бунёдкор” – мен учун бегона жамоа эмас. Шу сабабли ҳам плей-оффдаги рақибимиз қайси жамоа эканини билгач ўзгача ҳисларни бошдан ўтказдим. Собиқ жамоадошларимга қарши баҳс юритиш ўзгача бўлиши тайин. Бу йил жамоамиз олдига жуда катта мақсад ва вазифалар қўйилмоқда. “Жаиш” ҳозирда Қатар Юлдузлар Лигасида ҳам жуда яхши одимлаяпти. Мақсадимиз – Юлдузлар Лигасида ҳам, Чемпионлар Лигасида ҳам зафар қучиш. Аммо даставвал, ОЧЛда гуруҳ босқичига чиқиб олишимиз лозим бўлади, - дейди қитъамизнинг етакчи футболчиларидан бири.
Ушбу материалдан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!

Фикрлар