Сардор Рашидовнинг отаси ўғли Португалия клуби билан шартнома имзолагач нималар деди?
Миллий терма жамоамизнинг етакчиларидан бири Сардор Рашидов ўзининг янги клубига эга бўлди. Бундан бир неча соат олдин ОАВда унинг Португалиянинг “Насьонал” жамоаси билан шартнома имзолаганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Биз Япония ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари мураббийлари иштирокидаги матбуот анжуманига келган чоғимизда менга Рашидовнинг Португалия клуби билан келишувга эришгани ҳақида маълумот келиб тушганди. Лекин матбуот анжумани бошланаётгани боис ушбу хабарни ёзишга улгурмагандим. Табиийки, бундай қайноқ хабар ҳеч бир мухлисни беэътибор қолдирмасди ва натижада “Локомотив” клубининг сайти расман Рашидовнинг “Насьонал” аъзосига айлангани ҳақида хабар тарқатди.
Айтиш жоизки, ушбу клубга ишқибозларга яхши таниш бўлган собиқ футбол юлдузларидан бири Коштинья бош мураббийлик қиляпти. У ўз вақтида “Монако”, “Порту”, “Динамо” (Москва), “Атлетико” (Мадрид), “Аталанта” каби клубларда тўп сурган. 2013 йилда мураббийлик фаолиятини бошлаган Коштинья 2017 йилдан буён “Насьонал” жамоасига устозлик қилиб келмоқда.
Хуллас, Эктор Купер билан матбуот анжумани якунланганидан кейин дарҳол Сардорнинг дадаси Ихтиёр ака Рашидов билан боғландик ва ўғлининг янги клубга кўчиб ўтиш тафсилотлари ҳақида сўрадик. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Сардор янги клуби билан икки ярим йиллик шартномага имзо чекди. “Насьонал” клуби президенти ва агентлар Дубайга келган ҳолда Рашидов билан келиушвга эришишди.
- Сардорнинг бу танлови оиламизни хурсанд қилди – деб гап бошлади Ихтиёр ака Рашидов. - Шубҳасиз, бу тўғри танлов. Ўғлим ўз орзуси йўлида Европани хоҳлаганди ва мана энди Европага йўл оладиган бўлди. Умид қиламанки, Сардор Португалия билан тўхтаб қолмайди. Чунки ўғлимнинг забт этадиган ундан ҳам юқори чўққилари бор. Шу боис Сардорга омад тилайман. Ҳаммамизга маъқул келадиган танлов бўлди. Бунгача Осиё клубларида ўйнаб ўзини кўрсатганди. Шунинг учун энди Европа футболида ўйнаб ўзини синаб кўриш истаги катта эди. Кўпчилик бу ёшдан кейин Европага кетиши қийин дейишарди. Лекин мана, ўғлимнинг мисолида кўриб турибмизки, шу ёшида ҳам у ерга кетиб фаолиятини давом эттирса бўлар экан. Сардорни европалик мутахассислар кўриб ўйинига баҳо беришди. Ишонаманки, уларнинг ишончини оқлай олади. Қолаверса, “Насьонал” оддий клуб эмас.
- Яна бошқа таклифлар ҳам бормиди?
- Бизда Португалиядан ташқари яна бошқа вариантлар ҳам бор эди. Агентлар эса бизнинг истагимизни яхши билишарди. Шу боис улар асосан Европадан таклифларни билдиришди. Сардор билан Португалия вариантида маслаҳатлашдик, ўзига хос жиҳатларини ўйладик. Умуман олганда, бу унинг учун ёмон вариант эмасди. Модейра оролидан кўплаб юлдузлар етишиб чиққан, бунга Криштиану Роналдуни мисол келтиришим мумкин. Энди Сардор европалик скаутларнинг эътиборида кўпроқ бўлади.
- Улар билан музокара мураккаб кечмадими?
- Музокара узоқ давом этгани йўқ. Асосан янги йилдан сўнг музокараларни олиб бордик. Улар асосан менга алоқага чиқишарди ва ўғлимнинг номидан ўзим музокара ўтказдим. Бу ишларга Сардорни аралаштирмадик, чалғишини хоҳламадик. Унга фақат хабар бериб қўярдим холос. Ўғлимнинг нимани ва қаерни хоҳлашини ўзим яхши билардим. Шу боис музокаралар чўзилгани йўқ. Чунки “Насьонал”нинг яхши клублиги маълум эди. Умуман, қийинчилик бўлмади, қолаверса, бизнинг талабларимиз ҳам катта бўлгани йўқ. Сардор фақат шартномага қўл қўйиш билан шуғулланди холос. У бор эътиборини Осиё Кубогига қаратгани боис мени ҳеч ким чалғитмасин дерди, шу боис уни бошқа ишлар билан чалғитмадик. Асосий мақсадимиз терма жамоамизнинг Осиё Кубогида муваффақиятли иштирок этишини кўриш ва бу борада Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаяпмиз. Сардор ҳам бор эътиборини терма жамоага қаратган ва Ўзбекистон Кубок билан қайтишни хоҳлаяпти. Бу йўлда терма жамоамизга омад ёр бўлсин.
Фикрлар