Шаҳзода ҳамда DJ Piligrim Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси элчиларига айланишди
Хабарингиз бор Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси жорий йилдан эътиборан дунёнинг энг кучли лигаларидан бири сифатида эътироф этиладиган Испания Ла лигаси билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзаро имзоланган меморандумга асосан ҳар икки томон бир қатор лойиҳаларни биргаликда амалга оширишлари кўрсатиб ўтилган. Бу борада эса томонлар аллақачон ишларни бошлаб юборишди.
ЎзПФЛ расмий сайти тарқатган хабарга кўра ҳар икки ташкилот ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликда ўтказиладиган турли тадбир, мусобақалар ҳамда семинарларга жамоатчилик эътиборини янада орттириш, қолаверса икки мамлакатнинг спорт ҳамда санъат намоёндалари ўртасида ҳам яқин алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Испания Ла лигаси билан ҳамкорлик доирасидаги ўз элчиларини тайинлади.
Унга кўра, юртимизнинг икки машхур санъаткорлари – Шаҳзода ҳамда DJ Piligrim Ла лига билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасининг элчиларига айланишди.
Эндиликда Ла лига ҳамда ПФЛ томонидан ҳамкорликда ташкил этиладиган турли спорт тадбирларида Шаҳзода ва DJ Piligrim мунтазам равишда иштирок этишади ва ёш авлодни спортга, хусусан футболга меҳр қўйишда ўз хиссаларини қўшишади.
Мазкур икки санъаткор 28 октябрь куни пойтахтимизда илк марта ташкил этиладиган “Оммавий Эл-Классико” тадбирида иштирок этишади.
Фикрлар