Шоҳжаҳон Эргашев: Мен барибир чемпионлик камарини Ўзбекистонга олиб келаман
Профессионал боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев бир неча кун олдин Америка Қўшма Штатларида мезбон боксчи Майкл Фоксга қарши рингга кўтарилиб, фаолиятидаги 16-ғалабани қўлга киритганди. Боксчимиз айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бугун уни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов қабул қилди. Мазкур учрашувдан кейин у МОҚ Матбуот ва медиа департаменти вакиллари саволларига жавоб қайтарди.
Сўнгги жанги ҳақида
Жанг мен ўйлагандан қийинроқ кечди. У бироз ноқулай рақиб эди. Бу қайсидир томонлама менинг профессионал боксдаги фаолиятимга ижобий таъсир қилиши мумкин. Чунки, хеч қачон мағлубиятга учрамаган боксчи билан 10 раундлик жанг ўтказиш осон эмас. Менимча барчаси яхшиликка бўлди. Унинг бўйи мендан 15 сантиметрга баланд эди. Ушбу жиҳат менга бироз қийинчилик туғдирди.
Дастлабки раунддаёқ нокаут кутишганди? Майкл Фокс биринчи раунддаёқ таслим бўладиган боксчи эмас. Бундан буёғига рақиблар савияси ошади, жанглар ҳам қийинлашиб боради. Энди асосан 10-12 раундлик жанглар бўлади. Менимча ҳақиқий профессионал бокс жаҳон чемпионлигига эришганингиздан сўнг бошланади. Фикримча, энг қийин жангларим ҳали олдинда. Мен проф рингдаги фаолиятимни энди бошладим деб ўйлайман.
Мухлислар, мени қўллаб-қувватлаб турган инсонлар нокаутларимга ўрганиб қолишган. Тўғри, улар нокаут кутишади. Доимо нокаут билан ютишга ҳаракат қиламан. Аммо бу бокс, рингда нима бўлишини хеч ким билмайди.
Энди янги мураббий билан ишлайди
Ҳозирда янги мураббий, афсонавий Мэнни Пакьяо билан ишлаган Фредди Роуч билан ҳамкорлик қила бошладим. Энди осон жанглар бўлмайди. Фақат кучли боксчиларга қарши рингга кўтариламан. Бунинг учун кўпроқ машғулотлар олиб боришим керак. Мураббийни ўзгартиришдан мақсад? Спортчи доимо юксакликка, юқори натижалар сари интилиши лозим. Ўйлайманки, янги мураббий билан бунданда яхшироқ натижага эриша оламан. Тўғри, бунда энг аввало боксчининг ўзига кўп нарса боғлиқ. Бироқ, мураббий спортчига тўғри йўналиш бериб туриши лозим.
Кейинги жанг
Яна тахминан 10 кун Ўзбекистонда бўламан ва кейин жўнаб кетаман. Навбатдаги жангим катта эҳтимол билан 14 апрелда бўлиб ўтади. Айни пайтда чемпионлик камарига жуда яқин турибман. Тўғрисини айтсам, жиддийроқ, чемпионлик камари учун кечадиган жангларни истайман. Менимча, бунинг вақти келди. Буни мухлислар, халқимиз кутмоқда.
Ўзбекистонда спортга эътибор
Бугунги кунда биз спортчилар учун барча шароитлар яратилган. Шахсан Президентимиз томонидан эътибор қаратилган. Фурсатдан фойдаланиб, юртбошимизга, ўзбек спортининг юксалишига ўз ҳиссасини қўшаётган инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Биз Ўзбекистон ёшлари яратилган бундай имкониятлардан фойдаланиб, бундан кейин ҳам мамлакатимиз байроғини юксакларга кўтаришга ваъда берамиз
МОҚ президенти билан учрашув ҳақида
Миллий олимпия қўмитасида Умид Аҳмаджонов билан учрашдим. Бундан хурсандман. Бизга эътибор қаратиб, қўллаб-қувватлаб турганликлари учун раҳмат. Бундай шароитлардан фойдаланишимиз керак. Мен ёшларга шуни тавсия қиламан. Чунки, бундай эътибор барча мамлакатларда ҳам йўқ. Кўплаб давлатларда бўлганман, шунинг учун буни ишонч билан айтяпман. МОҚ президенти учрашув давомида менга ишонишини айтиб ўтди. Бунинг учун у кишига раҳмат айтмоқчиман. Мақсадим битта – Ўзбекистонни дунёга танитиш.
Шифокорлар бокс билан шуғулланишга тақиқ қўйишганмиди?
Ҳа, ўз вақтида шундай бўлган. Аммо, бугунги кунга келиб барчаси жойига тушган. Бу бўйича шифокорлар билан мунтазам гаплашиб тураман. Соғлиқ билан боғлиқ муаммо йўқ. Биласизми, ҳозир халққа нотўғри маълумот берадиган, ижтимоий тармоқларда асоссиз хабарларни тарқатадиган блоггерлар кўпайиб кетган. Бундай ҳолатларга нисбатан салбий фикрдаман. Инсон ҳақида тўғри маълумотлар бериш лозим. Улар ўз манфаатини ўйлаб, биз спортчиларнинг меҳнатини йўққа чиқармаслиги лозим. Мақсадимиз ватанимиз байроғини юқорига кўтаришдир ва биз айни пайтда ушбу бурчимизни бажаряпмиз. Мен ҳам юртимизнинг нуфузини ошириш учун озгина бўлсада ўз ҳиссамни қўшишни истайман.
Промоутерлар чемпионлик жанги ташкил қилиб бера олишадими?
Ҳа, чемпионлик жанги аниқ бўлади. Бунга бир қадам қолди. Март ойида WBA йўналишининг янгиланган рейтинги чиқади ва мен унда биринчи ўринда бўламан. Бу эса албатта чемпионлик жангида рингга кўтарилиш имкониятини беради. Мақсадим битта – Ўзбекистонга чемпионлик камарини олиб келиш. Бошқа гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Мен барибир камарни ватанимизга олиб келаман!
Фикрлар