Шота Арвеладзе: Рақиб тез ўйнашимизга имкон бермади
Хабарингиз бор кеча Суперлиганинг навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Жумладан, шу куни Олмалиқнинг АГМК клуби ўз майдонида Тошкентнинг “Пахтакор” клубини қабул қилди. Жасур Яхшибоевнинг киритган ягона голи эса якунда “шерлар”га 1:0 ҳисобидаги муҳим ғалабани келтирди.
Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида “Пахтакор” устози Шота Арвеладзе иштирок этди ва ўзининг ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
“Иссиқ ҳавода барибир қийинчиликка дуч келдик. Рақиб ҳимояда ўйнади ва тез ҳаракат қилишга йўл қўймади. Ажойиб майдон учун мезбонларга миннатдорчилик билдираман. Бизда вазиятлар кўп бўлди, аммо улардан фойдаланишда муаммога дуч келдик. Улар майдонда кам бўлиб қолишгач, янада кўпроқ имкониятлар содир этдик.
Мезбонлар футболчисига иккинчи сариқ карточка берилган вазиятда у "Пахтакор" ўйинчисидан тўпни ўзига ўтказиб юборишни сўради. Бу эса футболдаги ҳалол ўйин қоидаларига зид. Шу сабабли ҳакам ўша ҳолатда футболчини огоҳлантирди. Бу қоидаларда белгилаб қўйилган.
Бизда ўйиндаги турли жиҳатлар бўйича статистика таҳлил этилади. Тўп оширишлар, босиб ўтилган масофа, қисқа ва узун масофага югуриш, тезлик ва бошқа жиҳатлар. Мутахассислар ўз ишларини яхши билишади. Бизда махсус илова ҳам мавжуд. Унга футболчилар кўрсаткичлари тушириб борилади. Футболчилар ўз ҳолати ҳақида маълумот олиб боришади”, - дейди грузиялик мутахассис.
Фикрлар