Таэквондо. Британияликлар билан меморандум имзоланди
Мусобақа доирасида бир қатор учрашувлар, расмий тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси ҳам бошқа мамлакатлар таэквондо федерациялари вакиллари билан учрашувлар ташкил қилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири куни кеча Буюк Британия такэвондо федерацияси билан ўтказилди. Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси бош котиби Абдуазим Исроилов ва Буюк Британия таэквондо федерацияси раиси Юлия Ньютон иштирокида ўтказилган тадбирда томонлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан келишувга эришилди ва меморандум имзолади. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
Унга кўра икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Жэйд Жонс, жаҳон чемпионати совриндорлари Бьянка Уолкден, Муҳаммад Лутало каби спортчилар Ўзбекистонга келиб, машғулотлар ўтказадилар, ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Шунингдек, келаси йили Манчестер шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг ўқув-машғулот йиғинлари айнан ўша ерда ташкил этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон таэквондо ассоциациясининг мураббий, психолог, шифокор ва бошқа мутахассислари Буюк Британияда малака оширишлари мумкин бўлади.
Фикрлар