Токио 2020 Олимпиадаси ташкилий қўмитаси раиси Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкин

Шу кунларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Комил Рўзиев МОҚнинг Япониядаги маслаҳатчиси Мансур Бахриддинов билан биргаликда Токиода бир неча учрашув ва музокаралар ўтказмоқда. Навбатдаги учрашув Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш ташкилий қўмитаси раиси, мамлакатнинг собиқ Бош вазири Йоширо Мори билан ташкил этилди. Унда жаноб Мори Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Токио Олимпиадасини муваффақиятли ўтказиш мақсадида Японияда маслаҳатчи лавозимини жорий этгани ҳақидаги янгиликни мамнуният билан қабул қилганини айтиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.

Ўз навбатида Ўзбекистон МОҚ делегацияси вакиллари Й.Морини мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар билан таништиришди. Учрашув сўнгида Мори Токио Олимпиадасида Ўзбекистоннинг муваффақиятли иштирок этишида кўмак беришга тайёр эканлигини маълум қилди ва МОҚ президентининг мамлакатимизга ташрифи бўйича таклифини бажонидил қабул қилишини қайд этиб ўтди.

Шундан сўнг Япония каратэ федерацияси президенти Такаши Сасакава билан учрашув ташкил этилди. Унда жаноб Сасакава каратэни Парижда ўтказиладиган Олимпиадада ҳам мусобақа дастурига киритилиши йўлида иш олиб борилаётгани, шу муносабат билан бу борада Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг қўллаб-қувватловидан ҳам умидвор эканлигини айтиб ўтди. МОҚ вакиллари мамлакатимиз ёшлари орасида яккакурашлар, шу жумладан каратэ ҳам оммалашгани ҳақида айтиб ўтишди. Шунингдек, томонлар спортчиларни тайёрлаш, спорт таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашиш бўйича келишиб олишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!