Токиода спорт федерациялари билан навбатдаги музокаралар ташкил этилди
Кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Комил Рўзиев ҳамда МОҚнинг Япониядаги маслаҳатчиси Мансур Бахриддинов Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш ишлари вазири, Япония парламенти депутати Йошитака Сакурада, шунингдек, Токио жисмоний тарбия университети президенти Кеничи Мацунами билан учрашувлар ўтказишгани ҳақида хабар қилгандик.
Бугун ана шу учрашувларнинг мантиқий давоми сифатида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
Улар аввалига «Кодокан» дзюдо маркази президенти Харуки Уэмура билан кўришишди. Учрашув давомида томонлар олимпия спорт тури ҳисобланган дзюдони ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашдилар.
Шунингдек, Х.Уэмура Ўзбекистон МОҚ вакилларига ўзбек спортчиларининг юқори тайёргарлиги Токио 2020 Олимпиадасидаги муваффақиятнинг асосий омили эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди. МОҚ делегацияси вакиллари у ерда Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, мусобақалар ўтказиладиган ва хориждан ташриф буюрадиган спортчилар йиғин олиб борадиган спорт объектларини кўришди.
Фикрлар