Тошкентда Бутунжаҳон қиличбозлик куни нишонланди

Кеча, 6 сентябрь куни пойтахтимиздаги «Ашҳобод» боғида Бутунжаҳон қиличбозлик куни нишонланди. Унда ёш ва таниқли қиличбозлар, мураббийлар, МДҲ мамлакатларидан таклиф этилган меҳмонлар, эстрада хонандалари, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тадбир давомида сўзга чиқар экан, МОҚ Бош котиби яқин йиллар ичида ўзбек қиличбозларини ҳам Олимп шоҳсупасида кўриш ниятида эканлиги ҳақида гапирди.

- Ушбу байрам «Спорт барча учун» шиори остида ташкил қилинмоқда. Ўзбекистон Халқаро қиличбозлик федерациясининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Яқин ўтмишга назар солар эканмиз юртимиздан спортнинг ушбу тури бўйича жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинлари совриндорлари етишиб чиққанига гувоҳ бўламиз.

Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ишончим комилки, бу каби оммавий спорт тадбирларининг ўтказилиши мамлакатимизда қиличбозлик спортини янада ривожлантириш ва оммавийлаштиришга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тадбир иштирокчиларига омад ва зафарлар тилайман. Ўзбекистонлик қиличбозларни эса яқин келажакда яна Олимп шоҳсупасида кўришдан умидворман, – деди Жасур Матчанов.

Тадбир давомида қизиқарли саҳна кўринишлари, қиличбозлик тарихига бағишланган турли чиқишлар намойиш этилди. Шунингдек, мураббий ва спортчилар томонидан мастер-класслар намойиш этиб берилди. Йиғилганлар учун танлов ташкил этилди ва ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундай тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад аҳолини қиличбозликка қизиқтириш, ушбу спорт тури оммавийлигини оширишдир. Пойтахтимизда ўтказилган Бутунжаҳон қиличбозлик куни йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!