Тошкентда воркаут машқлари учун биринчи бепул майдонча очилди
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида воркаут машқлари учун биринчи бепул майдонча фойдаланишга топширилди. Қурилиш ғояси ва лойиҳалари ҳамда молиялаш мамлакатимиздаги маҳаллий "Buka" бренди томонидан амалга оширилди. Майдонча воркаут учун барча зарур снарядлар билан жиҳозланган бўлиб барча ёш тоифасидагилар учун мўлжалланган.
Майдончадаги спорт жиҳозларининг барчаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва "Street Workout Uzbekistan" (sw.uz) ҳамжамиятининг тажрибали воркаут спортчилари синовдан ўтказган. Улар мазкур майдончанинг очилиш маросимида маҳаллада яшовчиларга маҳорат сабоқларини ўтказди ва улар барча снарядларда машқлар бажарди. Лойиҳа муаллифлари объект бир кун ҳам бўш турмаслигига, атрофдаги уйларда яшовчи кишиларнинг севимли даргоҳига айланишига ишонч билдирмоқда.
"Buka Boxing Sportswear" компанияси Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзининг оммалашуви ва спортнинг ривожланишида фаол иштирок этмоқда. Компания яқин кунларда воркаут майдончаларини бошқа туманларда ҳам қуриб, шаҳар аҳолисининг жисмоний тарбия билан шуғулланишларига имконият яратишни режалаштирган. Уларнинг бу сай-ҳаракатлари самарасида болаларимизнинг спорт билан ошно бўлиб ўз вақтларини фойдали ва мазмунли ўтказадилар. Энг муҳими соғлом бўлиб вояга етадилар.
«Биз бошқа компаниялар ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлашади ва очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиш мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёяди, деган умиддамиз. Шунда маҳалланинг ҳар бир аъзосига, айниқса болаларга спорт билан бемалол шуғулланиш имкони туғилади», - дейди "Buka Boxing Sportswear" компанияси директори Отабек Анваров.
Маълумот учун: Воркаут – бу брусларда, турникларда, полда машқлардир. Баъзи элементлари гимнастикадан олинган, баъзилари янгидан ўйлаб топилган. Яъни бу мутлақо янги кўча маданиятидир. Шуниси муҳимки, воркаутнинг ҳар бир машқида баданнинг барча мушаклари ўз оғирлиги туфайли ишлайди. Агар доимий равишда шуғулланилса, куч ва чидамлилик яхши ривожланади.
Фикрлар