Туркияда футбол инфратузилмалари бўйича ФИФА семинари бўлиб ўтди

Семинарда 15та мамлакат футбол ассоциациялари, шу жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари ҳам иштирок этишди.
 
Семинардан кўзланган асосий мақсад футбол инфратузилмаларини яхшилаш, янги замонавий технологиялар ёрдамида футбол майдонлари чимларини парвариш қилиш, табиий ва сунъий қопламали майдонларни талаб даражасида сақлаш учун амалга ошириш керак бўлган чора-тадбирлар ҳақида иштирокчиларга маълумот беришдан иборат бўлди. Шунингдек, стадионлар, техник марказлар ва федерация (ассоциация) биноларини реконструкция қилишда, уларнинг ҳолатини яхшилашда "ФИФА Форвард" дастуридан қандай молиявий кўмак олиш бўйича амалий маслаҳатлар бериб ўтилди. 
 
Иштирокчиларга берилган маълумот ва маслаҳатлар футбол инфратузилмаси ривожланган мамлакатлар мисолида ўрганилди. 
 
Семинарда иштирок этган ФИФА вакили Бьорн Вассало ва УЕФА вакили Тьерри Фавр бу каби семинарлар иштирокчилар ўртасида тажриба алмашиш ва янги ғояларни қўлга киритиш нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим эканини таъкидлаб ўтишди. 
 
Шунингдек, семинар иштирокчилари Туркия футбол федерацияси билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!