Умид Аҳмаджонов: Футболчининг трансферидан уни тарбиялаган академия ҳам ўз улушини олиши керак

Йиғилишда ҳудудларда болалар футболини ривожлантириш ва футболни оммалаштириш, футбол академиялари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, маҳоратли мураббийларни тайёрлаш ва мураббийлар малакасини ошириш, улар учун хорижда турли семинарлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди, Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Айниқса, футбол академияларида ишни профессионал тарзда ташкиллаштириш, академиялар тарбияланувчилари билан шартномаларни тўғри тузиш, келгусида бирор футболчи қайсидир клубга сотиладиган бўлса, бундан академиялар ҳам манфаат кўришини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди.

"Футбол академиялари футболчини 17 ёшгача тарбиялаб, ўқитиб, унга футбол сир-асрорларини ўртагатади. Кейинчалик бу футболчи сотиладиган бўлса, академиялар бундан ҳеч қандай манфаат кўрмайди. Бу нотўғри. Тарбияланувчилар билан тузиладиган шартномаларда кейинчалик футболчи сотиладиган бўлса трансфер нархидан маълум қисми уни тарбиялаган академияга тушиши керак. Бу пуллар академия ривожи учун сарфлаб борилади. 

Шунингдек, болалар футболини ривожлантириш, жойларда футболни ривожлантириш учун ҳам ҳар бир вилоят алоҳида режа тузган ҳолда иш олиб бориши керак. Чунки ҳар бир вилоятнинг ўзига хос шароити бор. Маҳаллаларда футбол майдонлари қурилиши бўйича ҳам ЎФА Футболни ривожлантириш департаменти ва "Маҳалла" жамғармаси билан биргаликда иш олиб бориш зарур", - деди Умид Аҳмаджонов. 

Бундан ташқари вилоят футбол ассоциациялари вице-президентларига янги футбол мавсумига жиддий тайёргарлик кўриш бўйича ҳам топшириқлар берилди. Суперлигада қатнашаётган клублар стадионларда барча шароитларни яратишлари зарурлиги, футбол томоша қилишга ташриф буюрадиган мухлислар стадионда ҳақиқий ҳордиқ чиқариб, футбол учрашувини томоша қилишлари, таом ва ичимликлар савдосини йўлга қўйиш, барча ёшдаги мухлислар учун қулайликлар яратиш, оилавий секторлар ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, стадиондаги мухлислик маданиятига риоя қилиш, ўйин давомида сўкиниш, ҳакам ва футболчиларни ҳақорат қилиш каби салбий одатларга барҳам бериш зарурлиги таъкидланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!