Япониянинг Саппоро шаҳрида VIII қишки Осиё ўйинлари старт олди
Кеча, 19 февраль куни Саппорода VIII қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур маросим Саппоро Доум (Sapporo Dome) стадионида ташкил этилди. Ушбу арена 2002 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати учрашувларига ҳам мезбонлик қилган.
Тантанали очилиш маросимидан аввал Саппорода Ўзбекистон байроғини кўтариш тантанали маросими ўтказилди. Демак, қишки Осиё ўйинларида юртимиз байроғи ҳам ҳилпирай бошлади.
VIII қишки Осиё ўйинлари 19 – 26 февраль кунлари Япониянинг Саппоро ва Обихиро шаҳарларида бўлиб ўтади. Мусобақаларда иштирокчилар спортнинг 11 та тури бўйича беллашадилар. Булар: хоккей, биатлон, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек, конькида югуриш, тоғ чанғи спорти, чанғи пойгаси, фристайл, сноуборд ва трамплиндан сакраш спорт турларидар. Обихирода фақат конькида югуриш бўйича мусобақалар ташкил этилса, бошқа барча спорт турлари бўйича баҳслар Саппорода ўтказилади.
Қишки Осиё ўйинларида жами 32 та мамлакатдан ташриф буюрган 1200 нафар спортчилар иштирок этишади. Эътиборли жиҳати Осиёнинг 30 та мамлакати қаторида бу сафар Океания минтақаси вакиллари – Австралия ва Янги Зеландия терма жамоалари ҳам мусобақада меҳмон сифатида қатнашишади. Фақат ушбу минтақа вакиллари медаллар учун кураш олиб боришмайди.
Бу сафарги қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини фигурали учиш бўйича терма жамоамиз аъзоси Миша Ге ҳимоя қилади. У ўз иштирокини 24 февралда бошлайди. Шу куни қисқа дастур бўйича мусобақалар Тошкент вақти билан соат 14:05да бошланади. 26 февраль куни Тошкент вақти билан соат 08:00да эркин дастур бўйича беллашувлар ўтказалиб, ҳамюртимиз ушбу баҳсларда ҳам қатнашиши режалаштирилган.
Шунингдек, 26 февраль куни Макоманай муз саройида мусобақаларнинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилади.
Фикрлар