А Серия: мавсумнинг рамзий термаси билан танишинг

Goal нашри Премьер Лигадан кейин Италия А Сериясининг 2017-2018-йилги мавсуми рамзий терма жамоасини тузиб чиқди. Унда бир қатор янги номларни учратишингиз мумкин. Нашрнинг рамзий терма жамоаси қуйидагича кўриниш олган.

Дарвозабон:

Алиссон (“Рома”)

ўтган йили ёзида Войцех Шеснининг “Ювентус”га ўтганидан кейин римликларнинг биринчи рақамли дарвозабонига айланган Алиссон айни вақтда ўз позициясида дунёнинг энг кучлиларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Унга Европанинг бир қатор грандлари “оғиз солаётгани”нинг ўзи етарли бўлса керак.

Бразилиялик посбон А Серияда ўзининг ажойиб кўрсаткичлари билан барчани лол қолдирмоқда. У 79.26 % лик сейвни амалга оширган. Бу кўрсаткич бўйича Италиянинг топ дивизионида бирорта дарвозабон ундан ўзиб кетолмаган.

Ҳимоячилар:

Жоао Канселу (“Рома”, ижара)

Жоао Канселунинг “Валенсия”дан “Интер”га ижара асосида кўчиб ўтиши унинг мавсум бошида олган жароҳати сабаб омадсиз трансфер бўлганини айтувчилар топилганди.

Аммо португалиялик футболчи жароҳатдан кейин ўзини қайта кўрсатишга куч топа олди. У Лучано Спалетти жамосида мустаҳкам ўрнига эга бўлиб олди. У “нерадзуррилар” учун уч голли узатма ва битта голи билан ўз ҳиссасини қўшди.

Милан Скриньяр (“Интер”)

А Сериянинг янги трансферларидан бири бўлган Милан Скриньяр дунё футболида энг яхши ёш ҳимоячилардан бири сифатида қаралмоқда.

Ўтган мавсумда “Сампдория”дан 20 миллион евро эвазига олиб келинган ҳимоячи қишда “Манчестер Сити”га 65 миллион еврога кўчиб ўтишига бир баҳя қолганди. Аммо “нерадзуррилар” уни ўз сафида олиб қолиш учун барча ишни қилишди.

Меҳди Бенатия (“Ювентус”)

Пойтахтлик ҳимоячилар – Стефан Де Врей ва Федерико Фасио “Лацио” ва “Рома” учун қандай аҳамият касб этса, Бенатия ҳам “Ювентус”нинг асосий таркибига қайтарилганидан кейин шундай аҳамиятга молик бўлди. Гарчи у мавсумнинг стартини жароҳати сабаб ўтказиб юборишга мажбур бўлганди.

Марокашлик ҳимоячи мавсум давомида туринликлар ҳимоя чизиғининг мустаҳкамланишига катта ҳиссасини қўшди.

Александр Коларов (“Рома”)

“Манчестер Сити” бош мураббий Пеп Гвардиола ўтган ёзда Коларовни қўйиб юборишни истамаганди. Аммо 32 ёшли ҳимоячининг мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш истаги ва боз устига жамоага Бенжамин Мендининг келиши сербиялик футболчи клубни тарк этишига олиб келганди.

Коларов янги жамоаси билан Гвардиола шогирдларини таслим қилгани кўп нарсани англатмоқда. Ҳимоячи бўлишига қарамай у 8 голли узатмани амалга оширган ва икки гол ҳам уришга эришган.

Ярим ҳимоячилар

Жоржиньо (“Наполи”)

Лукас Лейва “Лацио”да ўзини балиқдек ҳис қилаётган бўлса, “Наполи” ярим ҳимоясини Жоржиньо ушлаб турибди. Бу мавсумда Бразилияда таваллуд топган италян ўғлони дунёнинг энг яхши плеймейкери мақомини олгудек ўйин кўрсатди.

Кучли бешлик чемпионатларининг бирорта футболчиси у каби муваффақиятли узатмаларни амалга ошира олмаган. Гвардиола 26 ёшли футболчини келаси мавсумда ўз жамоасида кўришни истаётгани барчаси тўғри эканлигини кўрсатмоқда.

Сергей Милинкович-Савич (“Лацио”)

Сергей Милинкович-Савич “Лацио” сафидаги учинчи мавсумида ҳам ажойиб ўйнаётгани сабабли у эҳтимол Европада энг кўп сотиб олиниши исталган футболчи бўлса керак. Унинг номи “ПСЖ” ва “Манчестер Юнайтед”дек жамоалар билан боғланган 23 ёшли сербиялик футболчи клубида энг муҳим фигурага айланди. У 11 голи ва 3 голли узатмаси билан жамоасини кучли тўртликка киришига ёрдам берди.

Дуглас Коста (“Ювентус”)

Ҳеч шубҳасиз, Дуглас Коста “Ювентус”нинг чемпионлик совринидаги юлдузи бўлди. У ҳоҳ асосий таркибдан, ҳоҳ захирадан ўйинга қўшилганига қарамай, клубига голли устунликни олиб беришда жудаям асқотди.

У 29 учрашувнинг 17 тасини асосий таркибда бошлаганига қарамай, бразилиялик иқтидор эгаси 12 голли узатмани амалга оширган. Фақатгина Луис Алберто ундан кўпроқ кўрсаткичга эга.

Луис Алберто (“Лацио”)

Пауло Дибаланинг ўз спорт формасини йўқотиб қўйгани сабабли, ўнлик вазифаси ролини бу сафар 2017-18-йилги мавсум кашфиёти Луис Алберто эгаллади. У “Лацио” учун шу қадар яхши ўйнадики, “Барселона Б”нинг собиқ вакилини каталонияликлар қайтариш фикрини ўйлаб қолишди.

“Ливерпуль”да омадсизликка учраган футболчи А Серияда 14 та голли узатмани амалга оширди ва 11 голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

Ҳужумчилар

Лоренцо Инсинье (“Наполи”)

“Наполи”нинг Скудетто орзуси “кўмилган” бўлиши мумкин, аммо Инсиньенинг меҳнатларини эсдан чиқариб бўлмайди.

Неаполликлар вакили “Сан Паоло”да ҳақиқатдан порлай олди, у А Серияда 93 та имконият яратган. Бу борада у фақатгина Дмитри Пайе ва Кевин Де Брюйнедан ортда қолмоқда. Инсинье шунингдек 8 голли узатмага эга ва 9 гол уришга эришди.

Чиро Иммобиле (“Лацио”)

Мауро Икарди “Интер” билан фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумини ўтказмоқда, Эдин Джеко “Рома” билан Италия ва Европада даҳшат солиб турди. Аммо Чиро Иммобиле А Сериянинг ушбу мавсумида ҳақиқий топ-ҳужумчи мақомини эгаллади.

“Лацио” ҳужумчиси мавсум охирини жароҳати сабаб ўтказиб юбориши мумкин, аммо у мусобақада 29 гол уриб энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Шунингдек, у 9 голли узатмани ҳам амалга оширган.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!