А Серияда VAR тизими ўзгаради – ҳакамлар қарорларни жонли эфирда тушунтириб боради

CHERY AUTO

Италия А Сериясида 2025/26-йилги мавсумдан бошлаб VAR тизимида сезиларли ўзгаришлар бўлади. Бу ҳақда "La Gazzetta dello Sport" нашри хабар бермоқда.

Tecno

Янги тартибга кўра, ҳакамлар баҳсли қарорлар юзасидан реал вақтда тушунтириш бериб боради. Бу ҳам стадиондаги мухлисларга, ҳам телевидение орқали учрашувни кузатаётган аудиторияга тааллуқли бўлади. Мазкур ўзгариш қарорларнинг ошкоралигини ошириш ва баҳс-мунозараларга ойдинлик киритиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Охирги мавсумларда VAR атрофидаги зиддиятлар тобора кўпайди. Жумладан, ўтган мавсумда “Интер” клуби бир нечта муҳим қарорларда жабрланганини билдирганди. Энг кўзга кўринган вазиятлардан бири “Рома”га қарши ўйинда содир бўлган. Йўқотиш арафасидаги дақиқаларда “Интер” ҳимоячиси Янн Биссек рақиби Эван Ндика томонидан жарима майдонида тортиб юборилганини иддао қилганди, аммо ҳакам пенальти тайинламади ва VAR ҳам аралашмади.

Шунингдек, "Gazzetta"нинг таъкидлашича, янги мавсумдан бошлаб, дарвозабон жарима майдони ичидаги олти метрдан тўпни тепиш учун саккиз сония ичида ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Ушбу лимитдан ошилса, рақиб жамоага билвосита жарима тўпи берилади.

Яна бир ўзгаришга кўра, пенальти зарбаси икки марта тегиб дарвозага кирса, бу ҳолатда гол ҳисобланмайди – пенальти қайта тепилади.

Бу ислоҳотлар А Серияда видеотакрорлар тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда мухлислар ишончини тиклашга қаратилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!