Супергол урган Шомуродов ўйиндан кейин ўткир гапирди
Жаҳон чемпионатида илк бора қатнашган Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун дастлабки тажриба омадсиз келди. Футболчиларимиз харчанд ҳаракат қилмасин, гуруҳ босқичидаги учала учрашувда рақибларга имкониятни бой берди.
Португалия дарвозасига урган голимиз инобатга олинмагани боис, учрашувда 0:5 ҳисобида ютқаздик. Колумбия ва Конго Демократик Республикасига қарши бир хил - 1:3 ҳисоби қайд этилди. Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари гуруҳжаги учинчи ўйинда ижобий натижа қайд этилишидан умидвор эди.
Ўйин биз учун жуда муваффақиятли бошланди. Илк дақиқаларда терма жамоа сардори Элдор Шомуродов тўп киритди. Бироқ ўйиндан ташқари ҳолат юзага келгани учун бу гол бекор қилинди. 10-дақиқада 30 ёшли ҳужумчи яна ўзини кўрсатди. Бу гал Шомуродовнинг ўткир бурчакдан йўллаган мураккаб зарбаси дарвоза тўридан жой олди.
Устунлигимиз иккинчи бўлим ўрталаригача давом этди. 66-дақиқада Абдуқодир Ҳусанов жарима майдончаси ичида рақибни чалиб йиқитди. Пенальтининг аниқ бажарилиши ўйинда бурилиш нуқтаси бўлди. Ҳакам ҳуштагигача африкаликлар яна иккита тўп киритиб, якуний натижани ўрнатди -1:3.
Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор Шомуродов футболчиларимизнинг 2026 йилги жаҳон чемпионатидан гуруҳ босқичидаёқ чиқиб кетгани ҳақида фикр билдирди.
- Энди ўзимиздаги заиф томонларни аниқ кўрдик. Жаҳон чемпионати даражасида ўзимизни синаб олдик. Айниқса, Колумбия ва Португалияга қарши ўйинлар эсда қоладиган бўлди. Агар 0 очко билан қолган бўлсак, демак, ҳозирги ҳолатимиз, даражамиз шу.
Энди асосий вазифа - ўсиш ва ривожланиш. Мухлислардан уларни хурсанд қила олмаганимиз учун узр сўрайман, - деди Элдор Шомуродов.
Ўзбекистон миллий терма жамоасидан Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродовнинг Колумбия ва Конго Демократик Республикаси дарвозаларига урган голлари ўзбек футболчилари учун жаҳон чемпионатидаги энг ёрқин вазиятлар сифатида қоладиган бўлди.

Фикрлар