"Абдуҳолиқов дарвоза олдида ўта хавфли, "Андижон"ни доим кузатиб бордим" - Беларусь чемпионини яна Суперлигага қайтиш режаси борми?
Бу йил Беларусь чемпионатида Солигорскнинг “Шахтёр” жамоаси мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Ушбу жамоа сафида ярим ҳимоячи Павел Забелин ҳам бўлиб, у клубининг ғалабасида катта ҳисса қўшди.
Маълумот ўрнида айтмоқчимизки, Забелин ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида “Андижон” жамоасида тўп сурган ва ўзидан яхши таассурот қолдирганди. Sports.uz журналисти Павел билан боғланди.
- Павел, сизни Беларусь чемпионлиги қўлга киритилгани билан табрикламоқчиман. Бундай муваффақиятни кутганмидингиз?
- Табригингиз учун раҳмат. “Шахтёр”нинг ҳар доим олтин медал учун курашиши эътиборга олинган ҳолда шундай бўлишини кутган бўлишим мумкин. Аммо бу йил интрига то охирги турга қадар сақланиб қолди. Ҳаммаси биз учун яхши тугагани айни муддао бўлди.
- Бобур Абдуҳолиқов Беларусь чемпионатида машҳур бўлиб кетди. У сиз кўрган ҳужумчилар ичида энг хавфлисими?
- Бизга қарши ўйинда у ўзини энг яхши жиҳатларини намойиш эта олмади. Аммо у чемпионатнинг энг яхши тўпурари. Демак, шак-шубҳасиз Абдуҳолиқов яхши ҳужумчи ва дарвоза олдида ўта хавфли.
- Сиз учун ҳам Бобур Абдуҳолиқов Беларусь чемпионатидаги энг яхши легионерми?
- Ўйлайманки, жорий йилда у энг яхши легионер, менинг назаримда. Тўп сураётган клубининг иккинчи ўринни олишида ҳам унинг хизмати катта бўлди.
- “Андижон” клубида ўтказган фаолиятингиздан қандай таассуротлар қолган? Эслаб турасизми?
- “Андижон”да ўтказган даврим мен учун қизиқарли тажриба бўлди. У ерда футболни чин дилдан яхши кўрадиган кўплаб футболни севадиган инсонлар бор. Бизда ёш ижрочилардан иборат клуб бор эди. Биргаликда кўп вақтни ўтказсак ҳаммаси изига тушиб кетиши мумкинлигига умид қилардик.
- Собиқ жамоангиз – “Андижон”нинг бу йилги натижаларини кузатиб бордингизми?
- Ҳа, “Андижон”нинг иккита ўйинини томоша қилишга муваффақ бўлдим. Клубнинг қандай натижалар қайд этаётганини доим кузатиб бордим. “Андижон”нинг вазифани бажарган ҳолда Суперлигага қайтганидан жуда ҳам хурсандман.
- Яна Ўзбекистон чемпионатига қайтиш ниятингиз борми? Бу борада олдингизда таклифлар мавжудми?
- Ўзбекистон борасида бирор тахмин айта олмасам керак. Лекин фаолиятимни яна юртингизда давом эттириш имконияти мен учун том маънода қизиқарли кечган бўларди. Аммо ҳозирда “Шахтёр” билан тузган шартномам бор. Шартномам тугайверсин-чи, кейин нима бўлишини кўрамиз.
- Чемпион бўлганингиздан сўнг трансфер нархим анча кўтарилди, деб ўйлайсизми?
- Аслида бу ҳақида ўйламаяпман. Мақсадим футбол ўйнаш ва тўп сураётган клубимга фойда келтиришдан иборат. Бошқа нарсалар ҳақида сайт ходимлари шуғулланишсин, ёзишаверсин.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар