Абдумалик Халоков: "Энди бор эътиборим фақат Олимпиаданинг олтин медалида бўлади"
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Халоков учун бу йил муваффақиятли ўтди. Иқтидорли боксчимиз Тошкентда ўтган жаҳон чемпионати ва Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида ғалаба қозониш баробарида Париж-2024 Олимпиадасига ҳам йўлланма қўлга киритди. Бу натижаларнинг мантиқий давоми сифатида у куни кеча ўтган “Миллий спорт мукофоти-2023” танловида “Йилнинг энг яхши эркак спортчиси” деб топилди. Боксчимиз йил сарҳисоби бўйича фикрларини билдириб ўтди.
"Ортда қолаётган йил нимаси билан ёдда қолмоқда?
– 2023-йил мен учун жуда ҳам омадли ўтди. Тошкентда ўтган жаҳон чемпионати, Осиё ўйинларида олдимга қўйган мақсадларимни бажара олдим. Ушбу натижаларим эвазига “Йилнинг энг яхши эркак спортчиси” деб топилдим. Шубҳасиз, бундай сермаҳсулликдан кейин йилни омадли келди, дейиш мумкин.
– 2018-йил “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” деб тан олинган эдингиз. Ўшанда ҳали катталар ўртасида ҳам энг яхши бўламан, деган мақсадни олдингизга қўйган бўлсангиз керак. Амалда бунга 5-йил вақт кетди. Энди режа қандай?
– Буларнинг барини мураббийларим билан қилаётган меҳнатларимизнинг самараси деб биламан. Бу натижалар тўғри йўлдан кетаётганимизни кўрсатмоқда. Давлатимиз томонидан биз учун барча шароитлар яратиб берилаётган экан, бундан унумли фойдаланишимиз керак. Менимча, шундай бўлмоқда. Куни кеча қўлга киритган ютуғим энди бутун бокс оламида ҳам энг яхши бўлишга мотивация берди. Албатта, бунинг учун янада кўпроқ меҳнат қилишимиз талаб этилади.
– Кириб келаётган янги 2024-йилдан нималар кутмоқдасиз?
– 2023-йилдан ҳам муваффақиятли ўтишини. Шубҳасиз, янги Олимпиада йилида асосий эътибор Париж-2024 га қаратилади. Мураббийлар штаби билан режамизга кўра, 4-йилликнинг энг нуфузли мусобақасигача 1-2 та турнирда қатнашиб кўраман. Йил давомида бор эътиборимиз, фикримиз фақат Олимпиада олтин медали ва бу йўлда тинимсиз меҳнат қилиш бўлади", - деди Халоков.
Фикрлар