Абдусаломовдан Ҳожимирзаевгача ёхуд турни "ёндирган" футболчилар
Суперлиганинг ортда қолган 12-тури ҳам ўзига яраша қизиқарли ҳамда турли воқеаларга бой бўлди. Қуйида эса биз ўйин қаҳрамонларига тўхталамиз.
“Сурхон” – “Металллург” – 2:1. Энг яхши футболчи: Жаҳонгир Абдусаломов
Турни бошлаб берган мазкур ўйинда “Сурхон” иродали ғалабага эришди. Бекободликлар майдонда бир футболчи кўп бўлган ҳолида термизликларни 0:1 ҳисобида енгиб турганди. Аммо иккинчи бўлимда “Сурхон” ўйинини ўзгартирди. Бир футболчи кам бўлишига қарамай, улар метин иродасини намойиш қилдилар. Жамоа етакчиси ва сардори Жаҳонгир Абдусаломов охирги дақиқаларда иккита гол уриб ғалабани илиб кетди.
“Навбаҳор” – “Қизилқум” – 0:0. Энг яхши футболчи: Роберт Озолс
Намангандаги беллашувда меҳмонлар ғалабага тенг дурангга эришдилар. Чунки фаворит “Навбаҳор” эди ва кўпчилик Самвел Бабаян жамоасининг ғалабасига ишонганди. Аммо “Қизилқум” бунга йўл қўймади. Оғир беллашувда 0:0 ҳисобини сақлаб қолди. Бунда эса навоийликларнинг легионер дарвозабони Роберт Озолснинг меҳнати улкан бўлди. Жамоасини бир неча бор муқаррар голлардан қутқарди. Бу кеча ундан яхшиси йўқ эди.
“Насаф” – “Нефтчи” – 1:0. Энг яхши футболчи: Акмал Мозговой
Турнинг маркзазий ўйинида “Насаф” “Нефтчи”ни ягона гол эвазига енгди. Қаршиликлар сафида ярим ҳимоячи Акмал Мозговой жуда фаол тўп сурди. Футболчи кўп вазиятларда рақибни шошириб қўйди. Мураббийларнинг кўрсатмасини тўлиқ адо этди.
ОКМК – “Пахтакор” – 4:2. Энг яхши футболчи: Хуршид Ғиёсов
Ниҳоят, Миржалол Қосимов ОКМК бош мураббийи сифатида “Пахтакор”ни мағлуб эта олди. Бир қатор учрашувларда энг яхши футболчига айланган Хуршид Ғиёсов “Шерлар”га қарши беллашувда ҳам ана шу номга эришди. У рақиб дарвозасига бир неча бор хавф солди ва гол ҳам урди.
“Бунёдкор” – “Олимпик” – 1:1. Энг яхши футболчи: Марин Любич
“Қалдирғочлар” “Олимпик”га қарши баҳсда биринчи бўлимнинг ўзида 9 футболчи бўлиб қолдилар. Икки нафар ўйинчисига қизил карточка кўрсатилди. Бу пайтда “Бунёдкор” 1:0 ҳисобида олдинда эди. Ҳар қандай клубга майдонда 9 футболчи бўлиб қолиши рақибининг ғалабасини сезиларли даражада ошириб юборади. “Олимпик” фақат ҳисобни тенглаштира олди холос, ундан у ёғига эплай олмади. Аниқроғи, “Бунёдкор” посбони бунга йўл қўймади. Ўтган сафаргидек бу гал ҳам Любич баҳс қаҳрамонига айланди. Ҳатто, қўшиб берилган дақиқада пенальтини ҳам бартараф этди. У “Олимпик”дан икки очкони тортиб олди.
“Локомотив” – “Сўғдиёна” – 1:2. Энг яхши футболчи: Олег Зотеев
Тошкентда ўтган мазкур тўқнашувда жиззахликларнинг қўли баланд келди. “Локомотив”нинг собиқ футболчиси Олег Зотеев “Сўғдиёна” сафида ишончли ўйин кўрсатишда давом этмоқда. Фахрий ўйинчи собиқ жамоаси дарвозасига гол ҳам урди ва ғалабага катта улушини қўшди. Зотеевнинг тажрибаси “Сўғдиёна”га қўл келяпти.
“Динамо” – “Андижон” – 1:1. Энг яхши футболчи: Анвар Ҳожимирзаев
Жорий мавсумда илк бор Самарқандда ўйнаган “Динамо” минглаб мухлислари қаршисида ғалаба қозона олмади. Лекин мезбонлар аъзоси Анвар Ҳожимирзаев яна олқишларга сазовор бўляпти. У рақиб дарвозасига ажойиб гол урди ва барчанинг реакцияси ижобий бўлди. Табиийки, баҳс мобайнида Анвар ўзидан яхши таассурот қолдирди. Бу футболчи ушбу йилда самарқандликларнинг энг яхши ўйинчиси бўлиб турибди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар