Абдувоҳид Неъматов : “Насаф”да “дух” йўқ деб бизни кўра олмайдиганлар айтади” (Катта интервью)
Айни дамда Абдувоҳид Неъматовнинг “Насаф”дан “Бунёдкор”га кўчиб ўтиши ҳақидаги миш-мишлар урчиб кетгани бор гап. Шу боис, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “аждарлар” посбони билан суҳбатлашдик. У келажакдаги режалари билан ўртоқлашибгина қолмай, кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди.
Ҳозир, сизни “қалдирғочлар” сафига ўтишингиз ҳақида гап-сўзлар юрибди. Жамоа сиз билан анчадан бери қизиқиб қолгани рост. Ҳозир бу трансфер амалга ошиши мумкинми?
- Бундан хабарим бор. Узоқлардан эшитиб турибман. Шунга қарамай, олдимиздаги ОЧЛ ўйинига тайёргарлик кўриш ҳақида ўйлаяпман. Ҳозир клуб билан икки йиллик шартномам бор. Шу боис, бошқа жамоага ўтиш ҳақида ўйлаганим йўқ.
Келажакдаги режалар қандай? Сиздан яқин 5 йил ичида терма жамоа дарвозабони даражасига кўтарилишингизни кутишмоқда?!
- Насиб қилса, ўзимни легионер сифатида синаб кўрмоқчиман. Биласиз, Ўзбекистонда легионер мақомида зўр карьера қилган дарвозабон йўқ. Асосий мақсадим ҳозирда шу. Яқин йиллар ичида топ даражага чиқиш учун меҳнат қиламан. Термада асосий дарвозабон бўлиш ёки бўлмаслик яратганинг менга атагани. Асосийси, ҳаракатдан тўхтамаслик.
Ўтган мавсумда “Насаф”га чемпионлик пойгасида нима етишмади деб ўйлайсиз?
- Тўғриси, чемпионликни жуда истаган эдик. Охирги ўйинларда масалани ҳал этишимиз керак эди. Афсус, буни уддалай олмадик. Кўплаб уйдаги баҳсларда қимматли очколарни йўқотдик. Натижада, энг муҳим паллада пешқадамликни топшириб қўйдик.
“Насаф”да чемпионлик руҳи йўқлиги ҳақида кўпчилик такрорлаб келмоқда. Бунга фикрингиз қандай?
- Бу гапларни “Насаф”ни кўра олмайдиган инсонларгина айтиши мумкин. Бизда “дух” етарлича бор. Буни ОЧЛда кўрсатдик. Осиё майдонларида оддий жамоанинг ўзи йўқ. Ўзбекистон кубогида ҳам буни исботладик. Бизни асл даражамизни барча яхши билади, аммо тан олишни исташмайди. Шу боис, кўра олмасликдан деб ўйлайман.
Кўплаб футболчилар Пойтахтда бўлиш, терма жамоа бош мураббийининг эътибор марказида бўлиш учун яхши танлов деб ҳисоблайди. Бу ҳақиқатдан ҳам қулайлик яратадими?
- Ҳа, “Бунёдкор” ўз тарихига эга клуб. Шунга қарамай, бу ҳақида ҳозир фикр билдирмоқчи эмасман. Юқорида айтганимдек, жамоам билан 2 йиллик шартномам бор.
“Насаф”нинг ОЧЛдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
Биз қўлимиздан келган барчасини қиламиз. Ўз вақтида, бизни “Ал Садд”га енгилиб, турнирни тарк этади дейишган эди. Аслида, ютиб бўлмайдиган жамоа йўқ. Мураббийларимиз бу баҳсни енгиб чиқиш учун режалар тузмоқда. Биз эса, уларнинг кўрсатмаси учун майдонда “жанг” қилишга тайёрмиз. Боримизни беришга тайёрмиз!
Тимур Кападзе олимпиячиларимиз дарвозасини сизга ишониб топширган. Эътиборлиси бу сизни иккинчи уринишингиз бўлади. Айтингчи, солиштирсак қайси жамоа кучлироқ эди? Кападзеники ёки Друлович жамоаси?
- Дарҳақиқат, бу менга берилган иккинчи имконият. Энди, уни қўлдан чиқаришни истамайман. Тимур Кападзе кучли мутахассис. Аввалги жамоадан фарқли ўлароқ, бу ерда йигитлар бир мушт бўлиб жипслашишни уддалади. Барча футболчи бир-бирига ишонади. Париж йўлланмаси осонлик билан қўлга киритилмаслиги аниқ, бироқ бизда имконият яхшигина бор. Асосийси, кучли жамоа бўлиб шаклландик.
Агар раҳбарият сизни “Бунёдкор”га ўтишингиз кераклигини айтса, буни қандай қабул қиласиз?
- Тўғриси, агар воқеалар ривожи бундай тус олса, биринчи навбатда Рўзиқул Бердиев билан маслаҳатлашаман. Сабаби, бу даражага келишимда у инсоннинг хизмати улкан. Агар мураббийлар штаби ва клуб раҳбарияти бу трансферни маъқулласа, унда билмадим. Нима бўлишини Вақт кўрсатади.
Фикрлар