Абрамов легионеримиз ўйинига отланган эди, аммо...
Бош мураббий Вадим Абрамов Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод хорижда фаолият олиб бораётган футболчиларимизнинг ўз клублари таркибидаги ўйинларини кузатиш учун чет элдаги учрашувларга ҳам боряпти.
Яқинда тажрибали мутахассис Беларусга бориб, ушбу мамлакат олий лигасида БАТЭ таркибида ўзини кўрсатаётган Шаҳбоз Умаровнинг ўйинини бевосита ўрганган эди.
Кейинчалик Россия футболида ўз ўрнига эга бўлган мутахассис Юрий Белоус Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи премьер-лиганинг навбатдаги турида “Спартак” ва “Уфа” ўртасидаги учрашувга ташриф буюриб, Остон Ўруновнинг хатти-ҳаракатларини кузатишини маълум қилди.
- Вадим Абрамов Минскда бўлди ва Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бўлган футболчилардан бирининг ўйинини кузатди. Шанба куни “Спартак” ва “Уфа” ўртасидаги ўйинга келиб, Остон Ўруновни кузатишни режалаштирган. Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов ҳам номзодларни кузатиш учун хориждаги ўйинларга боради. Абрамов Остоннинг ўзи ва ўйини қай даражада эканини билмоқчи. Телевизордан томоша қилиш ва стадиондан бевосита кузатиш ўртасида катта фарқ бор, - деди Юрий Белоус.
Шунингдек, бу борада яна бир савол туғилганди. Аслида трансфер ҳуқуқи “Спартак” клубига тегишли бўлган ўзбекистонлик футболчи Остон Ўрунов “Уфа” таркибида москваликларга қарши майдонга тушиши мумкинми?
Бу саволга уфаликлар бош директори Шамиль Газизов жавоб бериб, Остон Ўруновнинг ижара шартномасида унинг “Спартак”га қарши ўйинда қатнашишини тақиқловчи банд киритилмаганини ва легионер Москвадаги тўқнашувда иштирок этиши мумкинлигини билдирди.
Бироқ, сўнгги маълумотларга қараганда, Остон Ўрунов “Спартак”га қарши бўладиган баҳсда иштирок эта олмайди. Чунки, футболчимиз Россия кубоги доирасида “Ахмат” жамоасига қарши ўтказилган беллашувда сон мушагини шикастлаб олган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёш ярим ҳимоячи жароҳатидан тикланиб улгурмаган ва 18 апрель куни Тошкент вақти билан 21:00 да бўладиган ўйинга тайёр эмас.
Шунингдек, шифокорлар Остон Ўруновнинг умумий гуруҳ машғулотларида иштирок этишига рухсат бергани йўқ. Легионеримиз келаси ҳафтадан бошлаб, жамоадошлари қаторига қўшилиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсумни “Уфа” таркибида юқори савияда ўтказган Остон Ўрунов ёзда “Спартак” жамоасига ўтганидан бери ишлари ўзи истагандек кетмаяпти. “Спартак” таркибида премьер-лигада саккизта учрашувда иштирок этди. Россия кубогидаги битта учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Москва клубида асосан захирадан ўйинга қўшилган Остон Ўрунов қишки трансферлар вақтида “Уфа”га кўчиб ўтганидан кейин уфаликларнинг асосий таркиб ўйинчисига айланди.
Шунга қарамай, ёш футболчимиз ярим йил ичида кўп жароҳат олмоқда.
Остон Ўрунов яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг юртимизда ташкил этилган навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этди.
Наманганда ва Тошкентда ўтказилган Гана ва Ироқ терма жамоаларига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувларида фаол ўйин кўрсатди ва ганаликлар билан бўлган баҳсда голли пас ошириб, ҳамюртларимизнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабасига муҳим ҳисса қўшди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашмоқда. Шу боис, Вадим Абрамов кучли таркибни шакллантириш бўйича иш олиб боряпти.
Фикрлар