Абрамов Хомяковнинг истеъфоси ҳақида: у ўзига бегона бўлмаган жамоага қайтади

Маълумки, янги бошланган миллий чемпионатимизда дастлабки учта тур баҳслари ортда қолган. Эътиборлиси, мураббийларнинг истеъфолари ҳам бошланди. Масалан, “Андижон”га ўтган мавсумнинг ярмидан бери устозлик қилиб келган россиялик Александр Хомяков “Навбаҳор”га қарши учрашувдан кейин истеъфога чиқишини маълум қилганди ва яқинда сайтимиз орқали андижонлик мухлисларга хайрлашув мактубини ҳам йўллаганди.

Унинг истеъфоси борасида ҳар ким турлича муносабат билдирди. Ўз навбатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Бунёдкор” клубининг бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам Хомяковнинг истеъфоси борасида фикр билдирар экан, жумладан шундай деди:

- Менга маълум бўлишича, Хомяков ўзига бегона бўлмаган жамоага қайтади. Лекин унинг нима сабабдан ишдан бўшаганлигини ўзидан, клуб мутасаддиларидан сўраб билган маъқул. Чунки вазиятдан воқиф эмасман. Табиийки, раҳбарият клуб олдига қандайдир вазифаларни қўйган, бу вазифа бажарилиши илк турларданоқ сўроқ остида қолгани боис ҳам юқоридагилар шундай тўхтамга келган кўринишади. Футболда узоқ юрган мендек киши учун бундай ишларнинг юз бериб туриши ғайриоддий ҳолатдек кўринмайди.

 

P.S. Тез орада Вадим Абрамов билан уюштирган суҳбатимизни сайтимизда ўқишингиз мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!