Абу-Даби шаҳри муайтай бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
БААнинг Абу-Даби шаҳри ҳаваскор муайтай бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Мазкур чемпионат жорий йилнинг 26 май куни старт олади ва 4 июнга қадар давом этади. Жаҳоннинг кучли муайтай усталари иштирок этувчи ушбу турнирда, табиийки, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этса керак.
Биламизки, ўзбек муайтайи ҳам шонли тарихга эга. Кўплаб ўзбекистонлик муайтайчилар "А" ва "Б" класс доирасидаги турнирларда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ва жаҳонда юртимиз муайтайи ўз номига эга, десак муболаға бўлмайди. Ўз вақтида Эркинбой Қуттибоев, Мавлонбек Қаҳҳоров, Муҳаммадқодир Собиров, Шерзод Шарипов, Жавлонбек Назаров, Юсуф Ибрагимов, Фирдавс Ҳолмуродов, Наимжон Тўхтабоев каби юртдошларимиз жаҳон чемпионати ғолиби ва совриндорлигини қўлга киритганлар.
Аслида бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Шунингдек, юртимиз муайтай бўйича ҳам жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган ва юқори даражада мазкур мусобақани ташкил этган эди.
Тўғри, маълум вақтлар мобайнида юртимиз муайтайида бироз пасайиш юзага келди. Бироқ, юртимизда бу борада жуда иқтидорли ёшлар ҳам камол топиб борди, десак янглишмаган бўламиз.
Бугунга келиб, ўзбек муайтайи яна аста-секин ўз қаддини тиклаб бормоқда. Сабаби, юртимизда ҳар қандай спорт турларига эътибор янада ошиб бормоқда ва янги раҳбарият ҳам ўз олдига юқори мақсадлар қўйган.
Май ойидаги жаҳон чемпионатидан сўнг, 12 июлда АҚШда Бутунжаҳон ўйинлари ҳам бошланади. Шубҳасиз, ушбу йирик турнирда ҳам ўзбекистонлик муайтайчилар ўзларини кўрсатишга қодирлар.
Шу нуқтаи назардан, олдинда турган муҳим турнирларда юртимизнинг энг сара муайтайчилари иштирок этишига ва уларни ижобий натижалар қайд этишига тилакдошмиз. Зеро, улар юрт шарафини ҳимоя қиладилар!
Фикрлар