Афрўза Хамдамовага “Зулфия ” мукофоти тантанали тарзда топширилди

TIGGO 2 PRO

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ  Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, шахмат бўйича икки карра жаҳон чемпиони  Хамдамова Афрўза Акбаровна Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Кўксарой қароргоҳида ўтказилган тантанали маросимда "Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган кўплаб қизларимиз Давлатимиз раҳбаридан мукофотларни қабул қилиб олишди. Ушбу байрам кунларида Черногория давлатининг Петровас шаҳрида шахмат бўйича 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Афрўза Хамдамовага мазкур мукофот ватанимизга қайтгандан кейин топширилиши кўзда тутилган эди.

Бугун Халқаро шахмат академиясида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова томонидан Афрўза Хамдамовага “Зулфия” мукофоти тантанали тарзда топширилди.

Тадбирда Спорт вазири Адкҳам Икрамов, Ёшлар ишлар агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдаров, кенг спорт жамоатчилиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Афрўза Хамдамова ушбу юксак мукофотга муносиб кўрилгани учун Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдириб, келгусида ҳам нуфузли халқаро мусобақаларда ватанимиз байроғини юксакларга кўтаришга ваъда берди. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Афрўза Хамдамова 2022 йилдан аёллар ўртасида ФИДЕ спорт устаси, 2024 йилдан аёллар ўртасида халқаро спорт устаси ҳамда  Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. 

Тадбир иштирокчилари ёш шахматчимизнинг келгусидаги фаолиятига ҳам улкан муваффақиятлар тилашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!