Афруза Ҳамдамова Халқаро спорт устаси бўлди, 16 ёшли Мухиддин Мадаминов эса эндиликда гроссмейстер!
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида Ўттизинчи Абу-Даби Халқаро шахмат фестивали бўлиб ўтмоқда. 14 август куни старт олган мусобақада юртимиз шарафини жами 32 нафар шахматчи ҳимоя қилмоқда.
Мукофот жамғармаси жами 104 минг 50 АҚШ долларини ташкил этувчи турнирда 250 дан ортиқ шахматчи "Mastersс", "Open А", "Open B" ҳамда "Juniors" гуруҳларида беллашмоқдалар.
Мазкур турнирда иштирок этаётган икки нафар шахматчимиз юқори марраларни забт этишга муваффақ бўлди.
Жумладан, 2006 йилда туғилган Мухиддин Мадаминов халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлди. У Абу-Даби шаҳрида давом этаётган турнирнинг "Masters" гуруҳида иштирок этмоқда ва 6 турдан сўнг 2,5 балл билан 152-поғонани банд этиб турибди.
Бундан ташқари, Афруза Ҳамдамова шахмат бўйича аёллар ўртасида Халқаро спорт устаси (WIM) унвонини қўлга киритди. Афруза ҳам ўз навбатида Абу-Дабидаги турнирнинг "Masters" гуруҳида иштирок этмоқда. 3 балл тўплаган шахматчи қизимиз айни вақтда ўз гуруҳида 111-ўриндан жой олган.
Таъкидлаш керак, айни вақтда Абу-Дабидаги турнирнинг "Masters" гуруҳида ҳал қилувчи паллалар яқинлашмоқда. Айни дамда Нодирбек Якуббоев 5 балл билан иккинчи, худди шунча очко тўплаган Шамсиддин Воҳидов эса еттинчи ўринда бормоқда. 4,5 баллга эга Жавоҳир Синдаров 9-поғонани банд этган.
Жами 9 турдан иборат мусобақанинг бугун 7-тур учрашувлари ўтказилади. Ҳозирча вакилларимиз банд этиб турган ўринлар билан танишиб чиқишингиз мумкин:
1. Володар Мурзин - (ФИДЕ) 5 балл;
2. Нодирбек Якуббоев - 5 балл;
7. Шамсиддин Воҳидов - 5 балл;
9. Жавоҳир Синдаров - 4,5 балл;
28. Ортиқ Ниғматов - 4 балл;
29. Абдималик Абдисалимов - 4 балл;
42. Саидакбар Сайдалиев - 4 балл;
48. Ҳумоюн Бегмуртов - 4 балл;
70. Муҳаммадзоҳид Суяров - 3,5 балл;
91. Баҳром Баҳриллаев - 3,5 балл;
111. Афруза Ҳамдамова - 3 балл;
152. Мухиддин Мадаминов - 2,5 балл.
Фикрлар