"Афсус..."! Ишонасизми, "Қизилқум" бош мураббийи жамоасининг май ойида қониқарсиз натижалар кўрсатишини билган. У суҳбатда яна нималарни айтди?
Навоийнинг “Қизилқум” клуби чемпионатни қандай бошлагани ёдингиздами? Бирин-кетин йўлидан чиққан рақибларини мағлуб этиб келаётган “олтин изловчилар”ни охирги пайтларга бориб шашти пасайиб қолди-а? Дастлабки 5 та турда 4 та ғалаба ва 1 дуранг қайд этганди.
Энди эса охирги тўртта турда 1 дуранг ва 3 мағлубиятга учради. Демак, клубда бирданига орқага кетиш кузатиляпти. Яхши таркиб бор, тажрибали футболчилар билан бойитилган. Шунга қараб клубнинг “иштаҳаси” ҳам карнай эди.
17 май куни 9-тур доирасида Қаршида “Насаф”дан жавобсиз 5 та гол қабул қилиб олди. Ундан аввал эса, АГМКдан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Ҳозирги келиб, тўплар нисбати 12 га 13 ни ташкил қиляпти.
Сербиялик Никола Лазаревич жамоасига нимадир бўлди. Ҳимоя ва дарвозада муаммолар борлиги билиниб қоляпти. Айниқса, “Насаф” билан учрашувда дарвозабон Игнатий Нестеров захирада қолдирилди ва Жавоҳир Илёсов асосий таркибда туширилди. Лекин бу ўзгариш ҳам ўзини оқламади. Илёсов ҳам бир нечта вазиятларда “қовун” туширди.
Мавсум стартини яхши бошлагани сабабли, “Қизилқум” “Пахтакор” билан бирга пешқадамликни қўлига олганди. Ўшанда кўпчилик навоийликларни камида биринчи давра охиригача барқарорлигини сақлаб қолиши ҳақида ҳам ўйлаганди. Қизиқ, “Қизилқум”нинг олдинги шижоати энди сўниб қолдими? Ҳолбуки, жамоада номдор ўйинчилар йиғилган.
Sports.uz мухбири юқоридаги вазиятлардан келиб чиқиб, “Қизилқум”нинг “Насаф” билан учрашувидан кейин навоийликлар устози Никол Лазаревичга айрим саволлар билан мурожаат қилди.
- Нима деб ўйлайсиз, жамоангиз “Насаф” билан ўйинга кўнгилдагидек тайёрлана олганмиди?
- Ҳа. Мен ўйлайманки, йигитлар ўзлари билиши керак бўлган барча маълумотларни олганди.
- Ўйинни кўрдикки, дарвозабон қўпол хатоларга йўл қўйган. Сиз бу фикрга қўшиласизми?
- Мен хулоса чиқаришим учун ўйинни ва дарвозамизга киритилган голлар билан боғлиқ вазиятларни қайта кўришим керак бўлади. Тан олиш лозим, қатор вазиятларда ўзимиз хатога йўл қўйганимиз яққол кўриниб турибди.
- “Қизилқум” 4 та турдан бери ғалаба қозона олмаяпти. Аксига олиб, охирги 2 та турда асосан йирик ҳисобларда ютқазяпти. Жамоага нима бўлди?
- Бунга кўплаб нарсаларни сабаб қилиб кўрсатса бўлади.
- “Насаф”га қарши нима учун Олег Зотеев ўйнамади? Унинг йўқлиги ҳам билинди, деб ўйлайсизми?
- У АГМКга қарши баҳсда жароҳат олганди. Шу боис, навбатдаги учрашувда иштирок этиши катта сўроқ остида қолиб кетганди.
- Ҳамиджон Актамов клубдан кетганидан кейин негадир натижалар ҳам салбий томонга ўзгаргандек таассурот уйғотяпти. Сиз ҳам буни сезяпсизми?
- Ҳа, албатта, кўплаб жиҳатлар туфайли ҳам ва яна бунга бир қанча омилларни кўрсатса бўлади. Бироқ мен бундай давр май ойида юз беради, деб ўйлагандим. Шу сабабли ҳам мен йигитларга март ва апрель ойларидаги натижалардан кўнгиллари тўлиб эйфория ҳолатига тушиб қолмасликларини тушунтиргандим. Афсус...
- Салбий натижалар клубдаги иш фаолиятингизга таъсир қилишидан хавотирда эмасмисиз?
- Албатта, охирги икки ўйин натижаси дилни хира қолмасдан қолмайди. Ваҳоланки, бизда ҳам имкониятлар бўлганди. Афсус, омадимиз чопмади. Аммо бу – футбол!
Фикрлар