Агар "Насаф" иккинчи ўйинда ҳам ўхшамаса... ёхуд "Турон"нинг осмонида қора булутлар тўпланяптими?
1-турда яраланган икки жамоа 2-турда ўзаро куч синашишади. Гап “Насаф” билан “Турон” клублари ҳақида кетмоқда.
Яхши биласиз, “Насаф” ўз уйида “Андижон”ни қабул қилиб 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. “Турон” эса ўз майдонида ўз билан бирга про лигадан талашиб чиққан “Бухоро”ни қабул қилиб 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Аҳамиятлиси, “Турон” иккинчи бўлим бошлангач, кўп ўтмай майдонда сон жиҳатдан устунлик қила бошлади. “Бухоро” футболчиси майдондан четлатилганди. Шунда ҳам “Турон” иккинчи голни ўтказиб юбориб, жуда аламли ва мухлисларини ранжитадиган даражадаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Ўша учрашувдан сўнг “Турон” устози Бахтиёр Ашурматов ҳам бу мағлубиятни уятли деб ҳисоблади ва оғир қабул қилди. Ўз навбатида “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Қаршидаги мағлубиятни изоҳлар экан, ўйин рақиб жамоанинг режаси асосида ўтганини алоҳида таъкидлади.
Хуллас, иккала жамоа ўз ишқибозлари қаршисида ёқимсиз ҳолатга тушиб қолдилар. Тақвимга кўра, “Насаф” кетма-кет иккита учрашувни ўз майдонида ўтказади. Бу сафар ҳам Қаршига водийдан жамоа келяпти. Гарчи Бердиев шогирдлари илк турда ўз уйида ютқазганига қарамай, жамоанинг салоҳиятидан келиб чиқиб навбатдаги баҳсда ҳам “Насаф”нинг имконияти “Турон”никига қараганда юқори баҳоланмоқда. Боз устига улар яна мезбон.
Ушбу жуфтликда айниқса, “Турон” яна қийинчиликларга рўбаро келиши тахмин қилиняпти. Гўёки, уларнинг осмонида қора булутлар тўпланаётгандек. Тўғри, Ашурматов жамоаси ўтган турда жуда уятли мағлубиятини ювиш учун “Насаф” майдонида ижобий натижага эришишини мухлислари истамоқдалар. Аммо бу ўта мушкул вазифа эканини улар жуда яхши билишяпти. Бир томондан, “Андижон” уддалаган ишни “Турон” уддалай олмайдими, дея ўйлаётганлар бор. Аммо фарқи шундаки, “Насаф” ўз уйидаги кетма-кет иккинчи мағлубиятга рози бўлармикин? Ҳамма гап мана шунда. Агарда 2-турда ҳам қаршиликлар яна очко йўқотадиган бўлса, у ҳолда чиндан “Насаф”да инқироз бошланган деб ҳисобласак бўлаверади.
Бердиев бошчилигидаги клуб охирги марта расмий учрашувда қачон ғалаба қозонганини биласизми? 2022 йилнинг 3 ноябрь куни Қаршида “Динамо”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Шундан сўнг ўз уйида “Нефтчи”га, Тошкентда эса “Олимпик” жамоасига енгилди. 19 февраль куни бўлса Осиё Чемпионлар лигаси 1\8 финалида Қатарда Саудия Арабистонининг “Аш-Шабаб” клубига мағлуб бўлди, ундан кейин эса “Андижон”га. Кўриб турибсизки, “Насаф”нинг ўйинида қандайдир муаммолар бордек. Бироқ янги мавсум энди бошланганини ҳам унутмайлик. Яна бир гап: Рўзиқул Бердиев ўша “Андижон”га бой берилган баҳсдан кейинги матбуот анжуманида яхши ҳамки бу чемпионатнинг боши деб айтиб ўтди. Кўпчиликнинг фикрига кўра, қаршиликлар илк турдаги мағлубият аламини “Турон”га қарши ўйинда олмоқчи.
Аслида “Турон” Қаршига яхши кайфиятда келиши кутилганди. Юқорида таъкидлаганимиздек, режаси чиппакка чиқди. Ашурматов мавсум бошиданоқ қийин вазиятга тушиб қолишини ким ўйлабди дейсиз?!
Ўзаро ўйинларда ҳам устунлик “Насаф”да. 2021 йили чемпионатда илк бор тўқнашишган. Ўша мавсумда икки бор беллашишган ва табиийки, “Насаф” яққол устунлик қилган. Қаршида 4:0 ҳисобида “Турон” тор-мор келтирилган. Яйпанда эса “Насаф” жавобсиз 2 та гол урган. Ўзаро ўйинлар тарихи олисларга бориб тақалмаса-да, ҳозирча Бердиев жамоаси яққол устунликка эга. “Турон” ҳали “Насаф” дарвозасини ишғол ҳам қила олмаган.
"Насаф" - "Турон" учрашуви 12 март куни, Қаршидаги "Марказий" стадионда соат 18:30 да бошланади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар