АГМК клуби "Сўғдиёна" ва "Андижон" билан ўртоқлик ўйини ўтказади

Суперлигада юзага келган танаффус муносабати билан АГМК жамоасига берилган қисқа муддатли таътил тугади ва футболчилар машғулотларни бошлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. 

Қибрайда йиғилган жамоа аъзолари Суперлиганинг охирги 3 та тури доирасидаги ўйинлар ва Лига Кубоги финалига тайёргарлик жараёнини бошлади.

Мазкур йиғин доирасида олмалиқликлар иккита назорат учрашувини ҳам ўтказиши кўзда тутилган. Дастлабки назорат баҳсини 11 ноябрь куни "Сўғдиёна", орадан бир ҳафта ўтгач, яъни 18 ноябрда "Андижон" жамоаси билан беллашув ўтиши режага киритилган.

Эслатиб ўтамиз, АГМК жорий мавсум якунида яна тўртта ўйин ўтказади. Чемпионат доирасида аввал Қўқонга сафар қилса, кейинчалик Олмалиқда "Қизилқум" билан уйдаги ёпилиш учрашуви бўлиб ўтади. Суперлигадаги охирги турни эса жамоа Бухорода ўтказади. Шунингдек, қиш фаслида эса Лига Кубоги финали орқали мавсумга якун ясалади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!