Португалия Роналду ёрдамида Ўзбекистонга сюрприз тайёрлаяпти
Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирок этаётган “К” гуруҳи футбол жамоатчилигида жуда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бунга бир неча сабаблар бор.
Шулардан бири, жаҳон чемпионатига илк маротаба чиққан Ўзбекистоннинг мусобақада қандай натижани қўлга киритишидир. Ўзбек футболчиларининг салоҳияти халқаро футбол ҳамжамияти учун ҳақиқий янгилик ҳисобланади.
Қолаверса, ушбу гуруҳдан ўрин олган Португалия миллий терма жамоаси ҳам мухлису мутахассис диққат марказида турибди. Айниқса, 41 ёшли афсона Криштиану Роналду бу мундиалда нималарга эриша олиши кўпчиликни қизиқтириб қўйган.
Гуруҳ босқичининг биринчи турида португалияликлар Конго Демократик Республикасини енга олмагани сенсация бўлди. Фаолияти давомида олтинчи бор мундиалда қатнашаётган Роналдунинг ўйинига ҳар томондан етарлича эътирозлар бўлди.
Португалияни танқид қилганларнинг аксарияти бош мураббий Роберто Мартинесдан иккинчи турда Ўзбекистон билан бўладиган баҳсда Криштиануни бошланғич таркибга киритмасликка чақиришди.
Аммо Роберто Мартинес масалага умуман бошқача ёндошди. Record нашри хабарига кўра, Ўзбекистон билан бўладиган тўқнашувда рақибга сюрприз тайёрлаш мақсадида Португалия терма жамоаси мураббийлар штаби илк дақиқалардан майдонга “Ан-Наср” клуби ҳужум тандемини туширадиган бўлди.
Бу қарорнинг сюрпризлиги шундаки, Жоау Феликс биринчи турда умуман майдонга тушмаган. Унга дарров бошланғич таркибдан жой берилишини иқтидорли ҳужумчининг ўзи ҳам кутмаган бўлса керак.
Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланган ўзбекларга қарши ушбу қитъа чемпионатида елкама-елка ўйнаётган Криштиану Роналду ва Жоау Феликсни илк дақиқалардан ўйнатиш мантиқан тўғри қарор бўлиб кўринмоқда.
Қизиғи шундаки, “Ан-Наср”ни Саудия Арабистони чемпионига айлантирган икки португалиялик юлдузнинг якунланган мавсум давомида урган умумий голлари сони олтмиштага яқинлашиб қолди. Криштиану Роналду “Ан-наср” сафида барча турнирларда 37 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 30 марта ишғол қилди ва бешта голли пас узатди.
26 ёшли Жоау Феликс эса, жами 47 та учрашувда ўз ҳисобига 26 та гол ва 19 та ассист ёздириб қўйди.
Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси учун 229 та ўйин ўтказиб, жами 143 та тўп киритган. Ҳар икки кўрсаткич бўйича 41 ёшли юлдуз мутлақ рекордчи ҳисобланади. Феликснинг ҳам халқаро миқёсдаги статистика чакки эмас. У 54 та учрашувда 12 та гол урган.
Ҳар икки терма жамоа учун ҳам муҳим аҳамият касб этган иккинчи тур учрашувида Абдуқодир Ҳусанов бошчилигидаги ҳимоя чизиғи Криштиану Роналду ва Жоау Феликснинг ҳужумларини тўхтатиб қолиш учун анча тер тўкишига тўғри келади.
Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги баҳс 23 ноябрь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳри стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 22:00 да бошланади.
Суперклуб: Шомуродовни ҳеч нарсага қарамай оламиз!
Ўзбекистон муҳим тўқнашувда Португалияни енга оладими?
Файзуллаев бир гол билан колумбиялик қизлар ёқимтойига айланди
Мундиал қаҳрамони Файзуллаев ниҳоят тилга кирди

Фикрлар