АГМК Қаршига катта мақсадлар билан келяпти, аммо "Насаф"нинг имкониятлари бироз юқорироқдек (превью)
Ўзбекистонда футбол мавсуми якунланиб бормоқда. Шу темпда давом этса, бу сўнгги йиллардаги энг интригали ва қизиқарлиси сифатида тарихга киради. Бугун мавсумнинг энг шиддатли ўтиши кутилаётган беллашувларидан бири ҳақида фикр алмашамиз: "Насаф" - АГМК тўқнашуви!
Демак, аввалига ўйинолди маълумотлар билан ўртоқлашсак: баҳс Қаршидаги "Марказий" стадионида бўлиб ўтади ва мухлислар учун қулай вақт - 19:30 да старт олади. Ғолиб томон Бухоро шаҳри мезбонлик қиладиган финалга чиптани қўлга киритади. Шунингдек, кимнинг қўли баланд келса, у кубок доирасидаги ўзаро учрашувлар натижасини ўзи томонга оғдиради. Ҳозирча ҳисоб 2:2. Қизиқ томони ушбу жамоалар сўнгги икки ўйинда финал остонасида тўқнаш келган экан. 2020 йилги мавсумда олмалиқликлар Баҳром Абдураҳимовнинг ягона голи эвазига зафар қучиб, ҳал қилувчи баҳс чиптасини қўлга киритганди (ҳа, ўшанда у "кончилар" шарафини ҳимоя қиларди). Сўнгги қарама-қаршилик эса жуда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Асосий мавзудан узоқлашмай, бугунги муҳим ўйин ва жамоаларнинг ундаги имкониятлари ҳақида фикр юритамиз. Даставвал, мезбонлардан бошлаймиз.
"Насаф"
"Аждарлар" - амалдаги чемпион, Суперлига пешқадами, ўзи курашаётган икки фронтда ғолиблик учун асосий даъвогар ва шубҳасиз, беллашув фаворити. Устига устак, баҳс улар учун энг қулай стадион - Қаршидаги "Марказий"да ўтказилмоқда. Минглаб мухлислар, текис ўсган чим ва босимнинг йўқлиги Бердиев шогирдларининг фойдасига ишлаши турган гап. Бу уларнинг плюслари ва шуни унутмаслик керакки, бугунги ўйинда қаршиликлар минусига ишлаши мумкин бўлган факторлар ҳам йўқ эмас.
Аввал таъкидлаганимдек, "Насаф" учун кубокдан кўра Суперлига кўпроқ муҳим. Таркибдаги футболчиларнинг 90 фоизи ўтган мавсум бу совринни боши узра баланд кўтарган, аммо ички чемпионат олтин медаллари азалий орзулигича қолмоқда. Шу сабабдан ҳам Бердиев бор эътиборни Суперлигада қолган 5 та ўйинга қаратиши катта эҳтимол. Ҳақли савол туғилади, шундай қилиш шартми? Ҳа! Лигада қолган беллашувлар ҳаёт-мамот жангига айланиши учун ҳам шундай қилиш керак. Токи футболчилар нимани мақсад қилишни тушуниб етсин. Гапим тўғри чиқса, Рўзиқул Саъдуллаевич қаҳрамонга айланади! Акс ҳолда, ҳеч нима бўлмайди, раҳбарият Бердиевга келаси йил яна имкон бераверади. Аммо рақиблар бундай қилишига шубҳам бор.
АГМК
Чўкаётган инсон ҳасга ҳам ёпишади, деган гап бор. Бу олмалиқликларнинг ҳозирги ҳолатига тўлиқ мос тушади. Йил бошида таркиб Алишер Жалилов, Анзур Исмоилов, Сияваш Ҳақназари ва бошқа савияли футболчилар билан кучайтирилди. Тахминларга кўра, "кончилар" бюджет борасида мамлакатнинг 5 жамоасидан биттаси ҳисобланади. Шундай вазиятда раҳбарият Миржалол Қосимовдан натижа талаб қилиши аниқ.
Хўш, бугунги тўқнашувда футболчиларга нималар қўл келиши мумкин? Биринчидан, футболчиларнинг ўзи. Агар уларга бу мавсумни қутқариб қолиш йўлидаги сўнгги чоралиги, ҳозирги таркиб тарқалиб кетмаслиги учун ҳам кубокда зафар қучиш шартлиги уқтирилса, йигитлар кўп нарсани эплай олади. Устига устак, рақиб бу баҳсни АГМКчалик муҳим деб билмаса керак. Яна бир жиҳат бор, Бердиев доим Қосимовга қарши беллашувларда катта қийинчиликка дуч келади. Бу ҳам ўйин интригаси ошишига хизмат қилади.
Тахминий таркиблар
"Насаф": Абдувоҳид Неъматов, Ҳусниддин Алиқулов, Умар Эшмуродов, Алибек Давронов, Шерзод Насруллаев, Дилшод Саитов, Марко Станоевич, Акмал Мозговой, Иван Соловьёв, Лима Круз, Ҳусаин Норчаев.
АГМК: Ботирали Эргашев, Артём Филипосян, Сардор Раҳмонов, Акром Комилов, Дилшод Аҳмадалиев, Санжар Турсунов, Гиорги Папава, Сиаваш Ҳақназари, Хуршид Ғиёсов, Шоҳрух Гадоев, Мартин Боакье.
Булар шунчаки жамоаларнинг бугунги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда келтирилган тахминлар эди. Нима бўлса ҳам ҳалол ва қизиқарли ўйин тарафдоримиз. Умид қиламанки, биринчи ярим финал тоза ва ҳақиқий курашларга бой ўтади, иккинчи баҳс ҳақида тез орада яна суҳбатлашамиз!
Жавоҳир Азимов
Фикрлар