АГМК янги тарих яратди
Олмалиқнинг АГМК жамоаси Қатарнинг "Ал-Гарафа" клубини ОЧЛ саралашининг плей-офф баҳсида 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳ босқичига йўл олди. Миржалол Қосимов шогирдлари мазкур ғалаба эвазига ОЧЛнинг "А" гуруҳига тушди.
Шу тариқа, "кончилар" ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этган еттинчи ўзбек жамоасига айланадиган бўлишди. Бунга қадар Осиёнинг клублар миқёсидаги энг нуфузли мусобақасида "Пахтакор", "Нефтчи", "Машъал", "Бунёдкор", "Насаф" ва "Локомотив" жамоалари юртимиз шарафини ҳимоя қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, АГМК "А" гуруҳида Саудия Арабистони чемпиони "Ал-Ҳилол" ва БАА чемпионатида ўтган мавсум пешқадам бўлган "Ал-Аҳли" ҳамда Тожикистоннинг "Истиқлол" жамоалари билан куч синашади.
Маълумот учун, ОФК 2003/04 йилги мавсумдан мусобақани ҳозирги кўринишга келтирган ва ўшанда ҳозирги номни олган эди. Бунга қадар турнир ўзгача форматда Осиё клублар чемпионати, Осиё Чемпионлар кубоги номи билан ўтказиб келинган.
Фикрлар