АГМКнинг бу мавсумдаги натижаси, Суперлига темпи ҳамда унинг МТЖга таъсири, ноқулай рақиб ва бошқа мавзулар тўғрисида МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ билан интервью!

Олмалиқнинг АГМК клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов ЎзПФЛ матбуот хизмати билан суҳбатда якунига етган мавсум таассуротлари билан ўртоқлашди. Кичик интервью давомида “кончилар” устози бир нечта қизиқарли саволларга жавоб бериб ўтди.

- Ассалому алайкум! АГМК "кучли учлик"да бўлишини кўпчилик тахмин қилганди. 2022 йилги натижани қандай қабул қилдингиз?

- Авваломбор, ассалому алайкум! Биз ҳам совринли ўринни эгаллашимизни тахмин қилгандик. Ҳозирча икки хил фикр. Мавсумни яхши бошлай олмадик. Дастлаб, Бекободда мағлуб бўлдик. Кейин адашмасам, "Локомотив" билан ўйинда енгилдик. Шунга қарамасдан, олдимизга мақсад қўйгандик. Унга кўра, биз ОЧЛ квотасига илинишимиз лозим эди. Бир тарафдан ОЧЛга йўлланмани қўлга киритдик. Яна бошқа томондан стартни ёмон бошладик. Чемпионатда барқарор ҳаракат қила олмадик. 

Қолаверса, 4 та ўйинда 4 та қизил карточка олдик. Бу эса 12 очко йўқотилишига сабабчи бўлди. Жуда ҳам кўп экани кўриниб турибди, албатта. Қаердадир йигитлар хатоларга йўл қўйди, кераксиз жойда қизил карточка ишлаб олинди ва ушбу ҳолатлар натижага ўз таъсирини ўтказди. Шу ўйинларда жамоамиз футболчилари четлатилмаганда, биз 100 фоиз бўлмаса-да, 70 фоизлик натижа қайд этган ҳолда чемпионлик учун курашсак бўларди. 

қосимовв

- Мавсум якунига етди. Чемпионат давомида жамоангиз 2023 йил учун ҳам қадам ташлай олдими ёки бу масалага энди киришиладими?

- 2021 йилда 2023 йилга тайёргарлик кўргандик. Сабаби, 2022 йилда ОЧЛда иштирок этишимизни таъминлаб олишимиз зарур эди. Ҳозир ҳалқаро майдондаги иштирокимизни плей-офф босқичидан бошлаймиз. Бу ҳам ўзига яраша бир натижа. Мақсадимиз - ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш, Олмалиққа Осиё футболи нафасини олиб кириш. Футболни мухлислар учун ўйнаймиз. Бизнинг томошабинлар Қарши ёки Намангандаги каби кўп бўлмаслиги мумкин. Аммо улар мана шундай нуфузли мусобақани кўришга лойиқ, деб ҳисоблайман. 

- Сўнгги йиллар билан солиштирганда, бу йилги мавсум нималари билан ажралиб турди?

- Биринчи даврани оладиган бўлсак, пешқадам ҳар турда ўзгариб турди. Масалан, олдинлари "Пахтакор" етакчига айланиб оларди ва охиригача бу нарса ўзгармасди. Улар чемпионликни анча эрта ҳал қиларди. Бу мавсум бизнинг жамоа, "Пахтакор", "Навбаҳор", "Сўғдиёна", "Насаф" алмашиб турди. Иккинчи давра якунига келиб, 3 та жамоада чемпионлик учун имкони бор эди. Қуйи жадвалда ҳам ким чиқиб кетиши номаълум эди. Албатта, "Динамо"дан ташқари. 

Бундай воқеа анча олдин рўй берганди. Ўшанда "Бунёдкор"да ишлаб юрган вақтимизда охирги тур шу каби курашга бой ўтган. Адашмасам, ўшанда "Бунёдкор" чемпион бўлганди. Жиззахда ўтган эди сўнгги ўйин, 2:0 га ютган эдик, эсимда. Рақибларимиз "Насаф" ва "Локомотив" эди, "Пахтакор" йўқ эди. 10 йилдан яна шундай вазият юзага келди ва барчани ҳаяжонда ушлаб тура олди.

"Насаф"да ҳам жуда яхши имконият бор эди. 25-турда улар "Нефтчи"га мағлуб бўлиши сабаб чемпионликни бой берди. Мавсум анча қизиқарли ўтди ва шуниси алоҳида эътибор қаратса бўладиган жиҳати бўлди.

- Чемпионат темпи ҳақида қандай фикрдасиз? У секинлашаётгандек туюлмаяптими?

- Чемпионат қизиқарли ва курашларга бой бўлди. Ўзимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, 4 та қизилни бекорга олганимиз йўқ. Курашларга бой бўлгани учун ҳам карточкалар сони кўпайиб бораверди. Темп ҳам жойида бўлди. Фақат битта нарса... ВАР. Бу система ўйинларга қўйилишга тайёр эмас. Сабаби, ВАР бўлиши учун ҳар хил ракурсдан камера бўлиши керак. Очиғи, 3 та камера бу жуда ҳам озлик қилади. Энг камида 8 та камера бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Шунингдек, ВАР тез қарор чиқариши керак. Баъзи вақтларда хулоса чиқариш жараёни 5 дақиқага ҳам чўзилиб кетади. Шу туфайли ҳам бу футболда темпнинг пасайишига ва унинг жозибасини йўқотишига сабабчи бўлмоқда.

Ҳали бу нарсага мукаммал тайёр эмасмиз, менимча. Майли, бу замон талаби дейлик, аммо 100 фоиз тайёр бўлиб, шу ишга қўл урилса, жуда ажойиб бўларди. 

миржалол

- Бу йилги чемпионатнинг миллий терма жамоага таъсири ҳақида нима дея оласиз?

- Чемпионат интригага, кутилмаган натижаларга бой бўлса, бу терма жамоага ижобий таъсир ўтказади. Суперлига қанча кучли бўлса, МТЖга шунча фойдаси кўп бўлади. Чемпионат - бу фундамент. Унинг ўсиши нафақат миллий термага, балки олимпия жамоамиз учун ҳам наф келтиради. 

- Мавсум давомида АГМК клуби учун энг ноқулай рақиб қайси бўлди ва энг машаққатли ўйин ким билан кечди?

- Ҳар бир ўйинимиз осон кечгани йўқ. Ноқулай жамоа "Пахтакор" бўлса керак, менимча. Аммо фақат бу мавсумни назарда тутмадим. Ушбу клубга қарши доим қийналамиз. Ҳали ғалаба қозонганимиз йўқ "Пахтакор"га қарши беллашувларда. Шундай экан, "шерлар"ни кўрсатган бўлардим.

"Насаф" ҳам ўзига яраша мураккаб. Аммо улар билан ўйнаш завқ бағишлайди. Тўп билан муомала қила оладиган жамоаларга қарши тўп тепиш қийин бўлиши мумкин. Бироқ бошқа томондан унинг алоҳида жозибаси бор. 

Ҳар битта баҳс биз учун осон ўтмади. Тўғри, 4:0, 6:0 ҳисобида ҳам зафар қучган ўйинларимиз бўлди. Лекин унда биз вазиятлардан унумли фойдаландик, холос. Ваҳоланки, рақибда ҳам имкониятлар етарлича бўлган ўша учрашувларда. Шунчаки, омад бизга кулиб боққан.

- ЎзПФЛ ўйин вақтини сунъий чўзишга интилаётган футболчилар ва клубларга қарши чора кўриш механизмини ишлаб чиқмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?

- Футбол - бу спектакл. Ўйин пайтида тўғри хулоса чиқариб бўлмайди. Футболчи ростан вақтни чўзмоқдами ёки у жароҳат олганми, аниқ билиб бўлмайди. Баъзида гол ургандан сўнг, учрашув охирларида ўйинчилар ҳийла ишлатиб туришади. Бу нарса бутун дунёда бор. Вақт чўзишга, айёрлик ишлатишга доим қарши бўлиб келганман. Шогирдларимга ҳам шуни уқтириб келаман. Футболчилар чидаши керак, улар шашка ўйнашмаяпти. Шуни танлашган ва сабр қилишга мажбур. 

миржа

- 2023 йилги мавсумдан нималар кутмоқдасиз? Жамоангиз олдига қандай мақсад қўйилган?

- Олдимизга доим юқори мақсад қўйиб келганмиз. "Осилсанг, баланд дорга осил", - дейишганидек, биз ҳам чемпионлик учун кураш олиб борамиз.

Мен доим чиройли футбол тарафдори бўлиб келганман. Ўзим тўп тепиб юрган давримдан то ҳозиргача бу ҳолат менда ўзгармаган. Суперлига, Ўзбекистон кубогида зафар қучишни ният қилганмиз. Қолаверса, ОЧЛда плей-оффдан муваффақиятли ўтиб, гуруҳ босқичида муносиб иштирок этишни ҳам режалаштирганмиз. Ўзбек футболининг даражасини юқорига олиб чиқишни истаймиз. 

Федерация томонидан катта ишлар олиб борилмоқда. Майдон ҳолати, ёритиш тизими устида меҳнат қилинмоқда. Шунингдек, ўйин вақти ҳам одамлар ишдан келиб, бемалол ҳордиқ чиқариб кетишадиган вақтга тўғриланяпти. Бунинг учун биз қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Битта мухлиснинг ҳам кўнглидан жой ола билсак, бизнинг ютуғимиз мана шу бўлади.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ilhomjon Feyz
04/12/2022 19:50
Бир тийинга қиммат мураббий.
Baxil Alihuja
06/12/2022 16:38
Бу одам футболда хам Жахон, хам Европа чемпиони булган ягона узбекистонлик хисобланади! Мураббий сифатида хам ОЧЛ ярим финалига чиккан. Хали бошкалар бу натижани такрорламади. Рахбарлар шароит яратса, натижа келтирувчи мураббий.