АГМКнинг халоскорига айланган собиқ
Ads

Суперлиганинг 21-тур доирасида АГМК ўз майдонида «Насаф» клубини қабул қилиб 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйин эса кутилганидек, ҳужумкор ва қизиқарли тарзда кечди. Аслида бу ўйин дуранг билан тугаши ёки «Насаф» жамоаси ҳам ютиб кетиши мумкин эди.

Биринчи бўлимда иккала жамоа биттадан гол урди. Иккинчи бўлимда ҳам жамоаларда вазиятлар бўлди. Лекин ҳисоб ўзгармаётганди ва катта эҳтимол билан кўпчилик 1:1 натижаси сақланиб қолишини кутаётганди. Учрашувнинг энг қайноқ воқеаси учрашув охирларида кузатилди.

Ҳакам тўхталишлар учун учрашувга беш дақиқа вақт қўшиб берди. Мезбонлар эса ўша қўшимча вақтда гол уришди-ю, бироқ қанот ҳакам офсайд ҳолатини кўрсатди. Натижада бирданига қаршиликлар ҳужумга ўтишди. Агар Бобур Абдуҳолиқов фаолроқ ҳаракат қилганида ёки тўпни ўзидан қулай турган жамоадошига узатганида ҳисоб ўзгариши мумкин эди, аммо меҳмонлар имкониятни қўлдан чиқаришгач, энди мезбонлар қарши ҳужумга ўтиб кетишди. Бу вақтга келиб учрашув деярли тугаб бўлганди. Аммо «Насаф»нинг собиқ футболчиси Эркин Бойдуллаев қарши ҳужумда жамоасининг ҳужумини чиройли гол билан якунлаб, мезбонларга қимматли уч очкони тақдим этди. Ўйин қаҳрамонига айланган Бойдуллаев эса таассуротларини қуйидагича изоҳлади:

- Иккала жамоа ҳам ғалаба учун бор кучини бериб ўйнади. Аммо айтишим мумкинки, омад биз тарафда бўлди. Яқиндагина биз Ўзбекистон Кубоги ярим финалида «Бунёдкор»га қарши оғир ўйинни ўтказгандик ва меҳнатимиз эвазига финалга чиқишни уддалагандик. «Насаф» билан учрашувга ҳам йигитлар яхши тайёрланишганди ва ғалаба учун бутун эътиборимизни жамлагандик. Биз барча ўйинларга жиддий аҳамият қаратамиз. Шу боис Кубок финалига ҳам астойдил тайёргарлик кўрамиз.

Шундан сўнг Эркиндан ўйиннинг охирги сонияларида гол уришига ва жамоасининг ғалабасига қанчалик ишонгани ҳақида сўраганимизда баҳс қаҳрмони шундай деди:

- Доим учрашувни ҳакамнинг охирги хуштаги чалингунича ўйнаш керак. Биз жуда тез қарши ҳужумга ўтиб кетдик. Дарвозабонимиз дарҳол ҳужумни бошлаб берди ва иккинчи пасдан кейиноқ биз гол уришга эришдик.