"Аждарлар"га осон бўлгани йўқ ёхуд "Насаф"нинг кубок финалига қадар босиб ўтган йўли ҳақида

Хабарингиз бор, кеча Ўзбекистон кубоги ярим финал босқичи якунига етди. Бухородаги финалга Қаршида АГМКни таслим этган "Насаф" ва Наманганда қийинчилик билан пенальтилар сериясига кўра "Сўғдиёна"ни енгган "Навбаҳор" жамоалари йўл оладиган бўлди. 

SPORTS.uz сайти бугун Қаршининг "Насаф" жамоасининг финалга қадар босиб ўтган йўли ҳақида батафсил тўхталиб ўтишга қарор қилди. Демак, бошладик.

НИМЧОРАК ФИНАЛ.

Рўзиқул Бердиев жамоаси Осиё чемпионлар лигасида иштирок этиши туфайли "Пахтакор" билан бирга кубок баҳсларини плей-оффдан бошлади. Шу тариқа, нимчорақ финалда "аждарлар"га "Сурхон" жамоаси рақиблик қилди. Олмалиқда ўтган баҳс 2:1 ҳисобида қашқадарёликларнинг ғалабаси билан якун топади. 

Дастлаб, 6-дақиқада Шароф Муҳитдинов учрашувда тезкор гол уриб, ҳисобни очади. Бу гол меҳмонларга маълум вақт устунлик беради. Аммо баҳснинг 41-дақиқаси ўтиб бораётган бир вақтда мезбонлар мувозанатни тиклайди. Гол муаллифи "Сурхон"нинг етакчи футболчиларидан бири Бобур Акбаров бўлади. Жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетади. 

Иккинчи бўлимда "аждарлар" яна ҳужумга ўтади. Бу ўз фойдасини кўрсатмасдан қолмайди. 63-дақиқада Ҳусниддин Алиқулов Азизхон Исоқов дарвозасини ишғол этиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқади - 1:2. Бу голи орқали Алиқулов нафақат "Насаф"нинг ғалабасига ҳисса қўшади, балки у якунда "ўйиннинг энг яхши футболчиси", ҳам деб топилади.   

алиқулов

ЧОРАК ФИНАЛ.

1/4 финалда Бердиев шогирдларини ўша пайтда "Локомотив"да эндигина иккинчи ўйинини ўтказаётган ёш мутахассис Сервер Жепаров олдида кубок ўйинида "аждарлар" тўсиғини енгиб ўтиш вазифаси турганди. Ўйин кутилганидек, "Насаф" устунлиги остида бошланди. Қизиғи, бу баҳсда ҳам нимчорак финалда бўлгани каби Ҳусниддин Алиқулов ўз номини таблога ёздириб қўяди. У бурчакдан узатиб берилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўяди - 1:0. 

Шу тариқа, бу гол ўйинда ягоналигича қолади. Майдон эгалари учрашув якунига қадар ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолади ва ҳақли тарзда ярим финал йўлланмасига эга чиқади. Аҳамиятлиси, "ўйиннинг энг яхши футболчиси" соврини яна Ҳусниддин Алиқуловга насиб этади. Қаторасига иккинчи марта. 

ҳусниддин

ЯРИМ ФИНАЛ.

Ушбу босқичда "Насаф"ни анча жиддий рақиб кутиб турганди. Тажрибали Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК финал учун жиддий қаршилик кўрсатиши олдиндан маълум эди ва якунда шундай ҳам бўлди.

Ҳатто "кончилар" учрашувда биринчи бўлиб ҳисобни очганди. 37-дақиқада олмалиқликларнинг эронлик ярим ҳимоячиси Сиявуш Ҳақназари қанот ҳимоячиси Аҳмадалиевнинг узатиб берган пасидан сўнг тўпни дарвозага жойлаб қўйди - 0:1. Табиийки, мезбонлар ўз майдонида енгилишни ҳазм қила олмасди ва улар ҳужумга зўр беришди. Биринчи бўлим якунланиб бораётган бир вақтда саъй-ҳаракатлар самара бермасдан қолмади.  Акмал Мозговойнинг узатмаси Ғолиб Ғайбуллаевга келиб тушди ва у ҳаводаги тўпга кучли зарба берди. Учрашувда ҳисоб тенглашди - 1:1. 

Қизиғи, энди бошланаётганди. Иккинчи бўлим жамоалар кетма-кет ҳужумлар амалга оширди. Аммо беллашувдаги учинчи голни уриш бахтига "Насаф" муяссар бўлди. Қанотдан яна Мозговойнинг узатмаси ва бу сафар жарима майдончаси ичида Алибек Давронов пайдо бўлди. У қулай узатиб берилган пасдан сўнг тўпни боши билан ажойиб тарзда дарвозага киритиб юборди - 2:1. 

Шу тариқа, қаршиликлар ирода намойиш этиб, ярим финалда кучли рақибни мағлуб этди ва финалга йўл олди.   

ғолиб

Кўриниб турибдики, кубок баҳсларида "аждарлар"га осон бўлгани йўқ. Суперлиганинг курашувчан жамоаларига қарши Бердиев жамоаси муносиб ўйнади ва муҳим ғалабаларни қўлга киритди. Энди финалда уларни мавсумнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлиб турган "Навбаҳор" клуби кутиб турибди. Бухорода супер финал бўлишига шубҳа йўқ. Ғолибни тахмин қилишга-да қўрқадиган баҳс! Воқеалар ривожини SPORTS.uz билан бирга кузатинг. Зеро, биз сизга энг яхшиларини илинамиз!!! 

 

Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсунов Рамазон
15/10/2022 21:50
Юкоридаги футбол файласуфлапига инсоф берсин юкоридан Насафга босим булмаса булди босим беришдан курксин Оллох жазолайди.Олга Насаф омад ёр булсин.Куллашда давом этамиз мухлислар сен билан бирга.
&
Турсунов Рамазон
15/10/2022 21:44
Хакамла Набохорга ёрдам бермаса Насаф кубокни олади насиб булса.
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
17/10/2022 11:29
Agar Toza Ochiq uyinga quyib berishsa. Nasaf. shu yil. 2 lasini ham oladi.
&
Mirjalol official playon6062@gmail.com
15/10/2022 20:34
Насафда олтин дубил булади худо хохласа