Акбар Жўраев: "Дадамнинг сўнгги кунига улгурмадим" (Интервью)
Амалдаги Олимпиада ва жаҳон чемпиони саналган оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев SPORTS.uz "YouTube" саҳифасидаги "Дангал" лойиҳаси меҳмони бўлди ва барчани қизиқтирган саволларга жавоб берди. Фаолияти давомидаги илк интервьюсида ҳамюртимиз келажак режалари, Президент совғаси ва бошқа кўплаб мавзуларга ойдинлик киритди.
- Нечанчи йили қандай оилада таваллуд топгансиз?
1999 йилда Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ қишлоғида дунёга келганман. Дадам оддий ишчи, онам оила бекаси бўлган. Ўзимдан 5 ёш катта бўлган акам оғир атлетика билан жиддий шуғулланган. Айнан унга қизиқиб шу спорт турини танлаганман. Аввалига, оилам бунга қаршилик қилди. Бир хонадонга битта спортчи етади деб ҳисоблаган бўлишса керак. Доктор бўлишимни исташганига қарамай, уйдан қочиб кетиб шу спорт билан шуғулланишда давом этдим.
- Эътиборлиси шундаки, сиз уйингиздан узоқ бўлмаган кичик машғулот залида шуғуллангансиз. Шароитлари жуда оғир бўлса ҳам, у ердан 3 та чемпион чиққан.
Тўғри, бу зал жуда кўп спортчиларни етиштирган. Осиё чемпиони бўлган акам, жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Достон Ёқубов ва бошқалар. Аввал бу ер кўмирхона бўлган. Уни маҳалладаги ёшлар билан тозалаб, шароит яратишга уринганмиз. Атиги 3 та "штанга"миз бор эди. Уни ҳам 2 таси қизлар учун мослашган.
2016 йилда Руслан Нуритдинов Рио Олимпиадаси олтин медалини қўлга киритаётганда, 4 йилдан кейин мен чемпион бўламан, деб ўйлаганмидингиз?
- Ҳамма чиқишларини телеэкран орқали томоша қилганман. Очиғи, мендан бу даражадаги спортчи чиқишига ишонмаган эдим. Тайёргарликлар оғирлигини инобатга олсак, у ерга қадар етиб боришимга кўзим етмаган эди. У пайтда 85 кг вазн тоифасида иштирок этганман. 4 йил ичида вазн қўшиб, 105 кг.га кўтарилишга муваффақ бўлдим.
Олимпиадага тайёргарлик қандай ўтди? Унинг учун нималардан воз кечишга тўғри келди?
- Ҳаракатни 2019 йилда бошладик. Ўша йил бошида отамдан айрилдим. Мен хориж мамлакатида эдим. Ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиш учун кетгандим. Айнан ўша кунларда дадам оламдан ўтган. Олимпиадада ғалаба қозонсам, ҳаммаси жойига тушиб кетишига жуда ҳам ишонар эдилар. Уй, машина ва бошқа ютуқлар ҳаётимизни яхшилаши мумкинлигини айтганлари шундоқ эсимда. Жанозадан 2 кун ўтиб етиб келдим ва 3 кундан сўнг ортга қайтдим. Айнан уларни ниятини амалга ошириш учун ҳам кетдим. Дадамдан кейин онамларни олдида кўпроқ бўлгим келган.
Токио Олимпиадаси ғолиблигини қўлга киритгач, "таниш-билиш" кўпайиб кетгани ростми?
- Буни "Инстаграм" саҳифамдан ҳам билиш мумкин. Шоҳсупага кўтарилганимдан сўнг бир кун ўтиб, 17 минг обуначига эга бўлдим. Қизлар ҳам ёзишни бошлади (кулади).
Олтин медаль учун ваъда қилинган пулни олдингиз. Айтингчи, 200 минг долларни нимага сарфладингиз?
- Озгинасини хайрия қилдим. Бундан ташқари, Тошкентдан 2 та уй олдим. Бир пайтлари бизда пул билан боғлиқ муаммолар жуда кўп бўлган. Акам ўқишда, дадам Россияга ишлагани кетган. Акамни шартнома пулини тўлаш учун катта маблағ керак эди. Шу боис, онам иккаламиз куну тун ишлаганмиз. Кундузи қора иш қилиб, кечалари машғулотларда иштирок этиш учун машғулот залига келар эдим. Шу боис, ҳозир пулни тўғри сарфлашни биламан. Қизлар, ичкилик ва ўйин-кулгидан йироқ инсонман.
Фикрлар