Акинфеев Жаҳон чемпионатидаги дебют голи билан Файзуллаевни табриклади
Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Аббосбек Файзуллаевнинг жаҳон чемпионатидаги дебют голи собиқ жамоадошлари эътиборидан четда қолмади. Москва ЦСКА клуби сардори Игорь Акинфеев ўз вақтида "армиячилар" сафида тўп сурган ўзбекистонлик футболчини катта мусобақадаги илк голи билан табриклади.
Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор жаҳон чемпионатида майдонга тушди. Дебют учрашув Мехикода, K гуруҳи доирасида Колумбияга қарши ўтказилди. Ўйин 1:3 ҳисобида колумбияликлар фойдасига якунланди, аммо Файзуллаев томонидан урилган гол Ўзбекистон учун ушбу турнирдаги илк тарихий гол сифатида қайд этилди.
Акинфеев ЦСКА стадионида шанба куни ўтказилган "Биринчи рақамлар билан зарядка" тадбири доирасида журналистлар саволларига жавоб берар экан, Аббосбекнинг голини алоҳида таъкидлади.
"Албатта, унинг голини кўрдим. Бу унинг карьерасидаги энг зўр ва энг қийин голнаридан бири, десам адашмайман. Ўқишимча, у чемпионатдаги энг паст бўйли ўйинчилардан бири экан, лекин шунга қарамай бош билан гол урди! Уни чин дилдан табриклайман", – деди Акинфеев.
Аббосбек Файзуллаев 22 ёшда. У ЦСКА таркибида 72 ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол муаллифи бўлган. 2025 йил июль ойида у Туркиянинг "Истанбул Башакшехир" клубига ўтди.
Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудларида ўтказилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичида яна икки рақибга қарши майдонга тушади: 23 июнда Португалия, 27 июнда эса ДР Конгога қарши ўйинлар режалаштирилган.

Фикрлар