Акмал Шораҳмедов "Локомотив"да! Энди у футболчи эмас, балки...
Бугун “Локомотив” клуби Денис Коросниченкони бош мураббий этиб тайинлаганидан хабарингиз бўлса керак. Қизиғи шундаки, унинг мураббийлар штабидан Акмал Шораҳмедов ҳам ўрин олгани маълум бўлди.
Ўтган йили про лигада “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилган ҳамда жамоаси билан Суперлигага чиққан футболчини янги мавсумдан мураббий ролида кўрамиз. Бу хусусида “Локомотив” клуби бош шифокори Аброр Пирриев ўзининг телеграмдаги расмий каналида маълум қилди.
“Денис Коросниченко бугун клуб раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг жамоамиз бош мураббийига айланди. Аммо мен учун бошқа бир ёш мураббий – жисмоний тайёргарлик бўйича янги мутахассис – Акмал Шораҳмедовнинг жамоамиз мураббийлар штабида иш бошлаши кўпроқ эътиборимни тортди. Чунки футболчилик фаолиятига узоқ йиллар бевосита гувоҳ бўлганим – Акмалнинг мураббийлик остонасига қадам босиши ва унинг натижалари мен учун қизиқ.
Илгари терма жамоада Шораҳмедовни футболчи сифатида кузатган бўлсам, эндиликда унинг “Локомотив” мураббийи мақомидаги натижаларининг гувоҳи бўлиш имкони туғилди. Акмал Шораҳмедовнинг мураббийлик фаолияти унинг футболчи мақомидаги эришган ютуқларидан-да, юксак бўлишига тилакдошман”, - деб ёзади, Пирриев.
Кўриб турганингиздек, Шораҳмедов Коросниченкога жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида кўмаклашади. Акмал футболчилик фаолияти мобайнида “Пахтакор”, “Сўғдиёна”, “Навбаҳор”, “Андижон”, "Насаф", “Бунёдкор”, АГМК, “Нефтчи” каби клубларда тўп сурган.
Яқинда Акмал Шораҳмедов ва унинг жамоадоши Шавкат Муллажоновнинг ЎФАда мураббийлик ўқув-курсида ўқиётгани ҳақида хабар бергандик.
Фикрлар