"Акрон" бош мураббийи: "Шерзод Эсановда катта потенциални кўряпман, у серқирра футболчи"

Яқинда ҳамюртимиз Шерзод Эсанов “Андижон” клубидан Россиянинг “Акрон” жамоасига трансфер қилинганини яхши биласиз. Иқтидорли ярим ҳимоячининг фаолиятида катта сакраш бўлди ва у илк бор Россия премьер-лигасида тўп суради.

Легионерга айланган Шерзод янги клубида 25-рақамда ўйнайди. 2-турда сафарда “Факел”га қарши беллашувда Эсанов ўйин қайдномасига киритилди. У захирадан жой олди. “Акрон” эса илк ғалабасини қўлга киритди – 2:0. Чемпионатнинг илк турида эса "Акрон" "Локомотив"га 3:2 ҳисобида имкониятни бой берган.

“Акрон” клуби бош мураббийи Заур Тедеев айрим саволларга жавоб берар экан, ҳамюртимиз Эсанов тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.

- Сиз Воронеж ва Қозондаги сафар ўйинларини ўз ичига олган бир ҳафталик учрашувларга Тула орқали йўл олишга қарор қилдингиз. Нима учун шундай йўл тутдингиз?

- Бу логистика нуқтаи-назаридан биз учун муҳим. Вазиятдан фойдаланган ҳолда Туланинг “Арсенал” клуби раҳбарияти, шахсан менинг дўстим бош мураббий Александр Сторжукга алоҳида миннатдорчилик билдириб қоламан. Биз яхши шарт-шароитларга эга бўлган жойда жуда муносиб машғулотлар ўтказдик.

- “Акрон”нинг Россия премьер-лигасидаги дебют ўйини ҳақида ўзингизга қандай хулосаларни чиқариб олдингиз?

- Ҳаммаси биз учун жуда тез рўй берди. Вазиятга тезкор баҳо бериш, қарорларни шунга мос равишда қабул қилиш, тактик ва техник элементларни тезлик билан амалга ошириш ва ўйиндаги шунга мос мақом ҳам юқори. Шу боис футболчиларимиз вазиятга мослашишга жуда қийналишди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бунга кўникмоқ керак. Жамоани дарҳол қуриб бўлмайди. “Локомотив”га қарши учрашув биз учун дастлабкиси бўлди ва ўзимизга жуда кўплаб хулосаларни чиқариб олдик. Йиғинлар чоғида бир қатор сабабларга кўра бундай жиддий спарринг-рақибларга қарши тўп сура олмагандик. Биринчи учрашувдан хулоса чиқардик ва бутун эътиборимизни “Факел”га қарши баҳсга қаратдик. “Факел” – бутунлай бошқа жамоа. Унга бошқача тайёргарлик кўриш керак. Умид қиламанки, янги ўйинга яхши ҳолатда етиб борамиз.

- Куни кеча жамоа сафига Шерзод Эсанов келиб қўшилди. Бу футболчини қандай роль учун таклиф қилдингиз? Эсановнинг ўйинчилик сифати “Акрон”га РПЛда қай тариқа ёрдам бериши мумкин? Нима сабабдан айнан унга тўхталдингиз?

- Уни бизга селекцион хизматимиз ходимлари тавсия қилдилар. Менга Эсановнинг ўйини ёқди. Шунингдек, бу хусусида бошқа мураббийлар билан маслаҳатлашдим. Яъни, Эсановни яхшироқ танийдиганлари билан. Ҳозир ўзбек футболида анча ўзгаришлар рўй бермоқда. Назаримда, ўзбек футболи жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Шу сабаб ўзбек ўйинчилари РПЛда тез-тез пайдо бўлишмоқда. Мен Шерзодда катта потенциални кўряпман. У етарли даражада серқирра футболчи, гарчи ёш бўлса ҳам. У Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида анча вақт тўп сурди. Шерзоднинг кўрсаткичлари жуда яхши. Унинг келиши билан биздаги ўрта чизиқдаги рақобат анча ўсади.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!