"Ал-Ҳилол" устози Жорже Жезуш ва дарвозабон Яссин Буну "Навбаҳор" ҳақида нималарни айтдилар?
Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) гуруҳ босқичи, 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Ал-Ҳилол” учрашувидан олдинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Жорже Жезуш ва тажрибали дарвозабон Яссин Буну қатнашиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб беришди.
– Жамоанинг бўлажак ўйинга тайёргарлиги қандай бўлди?
Жорже Жезуш: – Ҳар бир учрашувга бўлганидек, ушбу баҳсга ҳам жиддий тайёргарлик кўрдик. Боиси, бу ўйин одатий жиддий беллашувлар каби юқори аҳамиятга эга бўлгани учун тайёргарлик жиддий бўлди.
– Саудиядаги баҳсда “Навбаҳор” жамоангизга жиддий қаршилик кўрсатган эди. Бўлажак ўйиндан нималар кутяпсиз ҳамда “Навбаҳор”ни қанчалик ўргандингиз?
Жорже Жезуш: – Хабарингиз бор, эртанги учрашувда гуруҳимизнинг иккита энг кучли жамоалари тўқнаш келади ва бу ўйин мухлисларга ҳам қизиқ бўлади. Шунинг учун эртага бизга осон бўлмайди, деб ўйлайман.
– Неймарнинг жароҳат олгани жамоанинг ички чемпионат ҳамда ОЧЛ ўйинларидаги натижаларига қанчалик таъсир ўтказмоқда?
Жорже Жезуш: – Неймар бизнинг муҳим футболчимиз. Афсуски, ҳозир у сафимизда йўқ. Неймар нафақат эртанги, балки, кейинги кўплаб баҳсларда бизга ёрдам бера олмайди ва кўпроқ муддатга сафдан чиққан. Лекин шундай бўлса-да, жамоа Неймарсиз ҳам ўйнай олади, деб ўйлайман.
– Эртанги ўйинда “Ал-Ҳилол” легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланадими ёки маҳаллий футболчиларга кўпроқ урғу бериладими?
Жорже Жезуш: – Жамоамизнинг тақвими жуда ҳам тиғиз. Шу боис, бизда шундай ҳолатлар бўляптики, баъзида ротацияларни амалга оширишга мажбур бўляпмиз. Эртанги учрашувда қандай таркибда ўйнашимизни ўйин вақтида билиб оласиз.
– “Навбаҳор”нинг айни пайтдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз ҳамда ҳамкасбингиз Ўткир Юсупов ҳақида қандай фикрдасиз?
Яссин Буну: – Аввало дарвозабон ҳақида гапирадиган бўлсам, Саудиядаги ўйинда Ўткир Юсупов менда жуда яхши таассурот қолдирган эди. Билишимча, у яхши дарвозабон. “Навбаҳор”га келсак, эртанги рақибимиз ҳам яхши шаклланган жамоа.
Менимча, эртага жиддий қаршиликка учраймиз. Наманганга келганимдан ва эртанги ўйинда иштирок этишимдан жуда хурсандман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар