Александр Крестинин: "Қирғизистон мени ҳайрон қолдиргани йўқ"

Айни пайтда Тошкентнинг “Локомотив” клубида бош мураббий ролида ишлаётган россиялик Александр Крестининнинг ташриф қоғози Қирғизистон терма жамоасидаги фаолияти билан боғлиқ.

Чунки у бир неча Қирғизистон терма жамоасига бош мураббийлик қилган. Шунинг учун Александр Сергеевич ҳам ушбу беллашувга бефарқ эмасди. Sports.uz журналисти Крестининнинг собиқ терма жамоаси иштирокидаги ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

- Бишкекда мана шундай ўйин бўлишини тасаввур қилганмидингиз?

- Ҳа, тахмин қилгандим. Қирғизистон Тошкентда ўйнаган. Нимага энди, Ўзбекистон Бишкекда ўйнамайди? Боз устига бу расмий мақомдаги мусобақа. Қуръа бўйича шундай тақвим юзага келди ва бу мантиқан тўғри.

- Ўзбекистон терма жамоаси ниманинг эвазига ғалаба қозонди, деб ўйлайсиз?

- Ўйин жуда ҳам қийин ўтди. Голларга бой бўлди ва жамоалар томонидан 5 та гол урилди. Ўзбекистон ўз имкониятларидан унумли фойдаланди ва шунинг ҳисобига ғалаба қозонди.  

- Қирғизистон сизни нимаси билан ҳайрон қолдирди?

- Қирғизистон терма жамоаси мени ҳеч нима билан ҳайрон қолдиргани йўқ. Чунки у ердаги ўйинчилар асосан мен пайтимда тўп сурган футболчилар. Улар билан бирга ишлаганман. Катта иштиёқ билан ўйнашди ва яхши ўйин ташкил қилишди. Бу мураббийнинг хизмати. Иккита учрашувдан хулоса чиқарадиган бўлсак, яхши ўйин кўрсатишди.

- “Локомотив”даги шогирдингиз Валерий Кичиннинг ўйинини қандай баҳолайсиз?

- Валерий иккала учрашувни юқори даражада ўтказди. У жамоа учун жуда муҳим ўйинчи ва жамоа сардори. Яна бир бор бундай қийин ва мураккаб учрашувларда юқори савияли футболчигини кўрсатди.

- Сиз учун майдондаги энг хавфли ва фаол футболчи ким бўлди?

- Мен ҳеч кимни алоҳида кўрсатиб ўтирмоқчи эмасман. Чунки учрашувда кимдир хет-трик қилгани йўқ. Шуни таъкидлаб ўтардимки, иккала жамоа ҳам мақсадга эришиш учун юқори савиядаги яхши ўйинни кўрсатишди.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Qaxramonjon
12/09/2024 20:19
Молодець хар томонлама зур фикр гап йук
Имомали олимов
12/09/2024 21:34
Только КЛАСС