Александр Стожмирович: “Бироз бошқача ишланса, футболчиларингиз учун Европага йўл очилади!” “Навбаҳор” мураббийлар штабидаги мутахассис нега Наманганни тарк этганини ошкор қилди (катта интервью)
Ортда қолган мавсумда “Навбаҳор” мураббийлар штабида фаолият олиб борган Александр Стожмирович кутилмаганда жамоадан кетди. Бунинг сабабини аниқлаштириш мақсадида “лочинлар"нинг жисмоний тайёргарликка жавоб берган мутахассисига алоқага чиқдик.
Барчаси яхши якунланган бир пайтда, кутилмаган истеъфонинг сабаби нима?
- Кетишимни биринчи асосий сабаби бошқача ишлаб кўрмоқчи бўлдим. Мендан қолишимни сўрашди, аммо ўзим кетишга қарор қилдим. Очиғи, раҳбариятга фикримни айтдим ва ҳеч ким билан гаплашганим йўқ. Ҳозир, вазиятдан фойдаланиб Наманган ҳокимига ўз минатдорчилигимни билдираман. Йил давомида барча ваъда қилинган пуллар тўлаб берилди. Бу мавсумни ҳеч қачон унутмайман.
Миш-мишларга қараганда, Самвел Бабаян сабабли жамоани тарк этган экансиз?
- Йўқ, ундай эмас. Агар шундай бўлганда ҳам, мен бу гапни омма олдида айтмаган бўлар эдим. Аксинча, ундан кўп нарсаларни ўргандим. Ҳаётдаги ҳар қандай мактаб сизга янги нарсани ўргатади. Бу ҳақиқатдан йироқ. “Навбаҳор”дан кетишимга сабаб бу эмас. Мен ўз вазифамни бошқачасига бажаришга ўрганганман. Балки, эркин ишлай олмаганим учун ҳам кетишга қарор қилгандирман. Фақат шуни айта оламан, холос.
Айтингчи, “Навбаҳор”га чемпионлик пойгасида нима етишмади?
- Тўғриси, бу саволга жавоб бериш учун бутун бошли диплом иши ёзмоқчиман. Чуқурлашмоқчи эмасман. Шунчаки, янги жамоа ва футболчилар бир-бирини яхши билмайди. Наманганда тўп суриш жуда қийин. Ишқибозлар жуда талабчан, аммо улар бунга ярашади. Йигитилар тинимсиз ғалаба талаб қиладиган аудитория учун ҳар куни “жанг"га шай бўлиши керак. Бу руҳий томондан катта босим юклаши аниқ. Қаердадир омад, айрим эпизодларда совуққонлик етишмади. Ўзимиздан кучсиз жамоалар билан ўйинларда очко йўқотдик. Айнан шу омиллар якунда олтин медалдан маҳрум қилди. Бу шунчаки менинг фикрим.
“Навбаҳор” футболчилари мавсум давомида жисмонан анча толиқиб қолганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, мавсум охирига келиб, уларнинг аксарияти оғриқ қолдирувчи воситалардан фойдаланди.
- Юкламалар борасида тушунча берай. Футболни яхши билмайдиган инсонлар жисмоний тайёргарликка жавоб берувчи мураббийлар айнан шу омилга жавоб бериши керак деб ҳисоблайди. Бу нотўғри тушунча. Мени вазифам биринчи навбатда жамоамиздаги йигитларнинг меҳнатга лаёқатини оширишдан иборат. Улар умуман олганда бош мураббийга бўйсунади. Назарий ва амалий машғулотларда ҳам Самвел Бабаян сўнгги сўзни айтади. Шундай экан, бу борадаги саволларга мен жавоб бера олмайман. Жамоа қандай машғулот ўтказса, шундай тўп суради.
Сизни бир неча бор бош мураббий билан захирадан футболчиларни ўйинга тушириш борасида баҳслашиб қолганингизни стадионда кўрганман. Бунинг сабаби нима?
- Биласизми, ҳар доим ҳам иккита инсонни фикри бир жойдан чиқавермайди. Мен ўйлаганимни қўрқмай айтишга ўрганган инсонман. Ишимиз осон эмас. Менда эътирозлар бўлиши мумкин, аммо бу нормал ҳолат. У ёки мен бир-биримизни хато қиляпти деб ўйлаган пайтларимиз кўп бўлди. Эътиборлиси, Самвел бир неча бор топқирлиги билан вазиятни ўзи томонга буриб юбора олди. Айниқса, Марушич борасида кўп тортишиб қолар эдик. Уни асосийда, ёки иккинчи бўлимда ўйинга қўшиш борасидаги баҳсларимиз узоқ давом этган, лекин ҳар сафар унинг қарорлари якунда ўзини юз фоиз оқлади. Қарашлар турли-туман бўлиши мумкин. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
Келажакдаги режалар қандай?
- Менда таклифлар бор. Деярли бир йил давомида оиламдан узоқда бўлдим. Руҳий босим бўлишига қарамай, яхши мавсум ўтказдик. Ҳозир дам олмоқчиман. Агентимга янги шартнома борасида таклифлар келиб тушмоқда. Энди бошқача методика асосида ишлаб кўрмоқчиман. Яна ортга қайтиш режамда бор. Ўзбекистонга футболда айрим нарсаларни ўзгартириш вақти келганини кўрсатмоқчиман. Юртингизда иқтидорли, ёш футболчилар жуда кўп. Айрим нарсаларни ўзгартирсак, улар учун Европа эшиклари очилиши аниқ.
Я . У
Фикрлар