Александр Хомяков: "Биз ҳам етарлича тажрибага эгамиз, эртага майдонда кўрсатамиз"

Бугун Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида Кубок финали олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда дастлабки “Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков ҳамда футболчи Фарҳод Соҳибжонов ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтардилар.

Александр Хомяков: - Эртанги ўйинни катта интизорлик билан кутяпмиз. Бизни жуда улкан мухлислар армияси қўллаб-қувватлаётганини ҳис қиляпмиз. Хоҳишимиз ҳам юқори ва максимал даражада ўйнаймиз. Тайёргарликка келсам, ҳар бир чизиғимизда етарли даражада тайёргарлик ишларини олиб бордик. Барчани ва ўзимизни хурсанд қилиш учун керакли ишларни амалга оширамиз ҳамда муносиб ўйин кўрсатамиз, деб умид қиламан.

Фарҳод Соҳибжонов: - Буни тарихий ўйинлигини ҳамма билади. Анча яхши тайёргарлик кўряпмиз. Худо хоҳласа, яхши бўлади, деб ўйлайман.

- Биринчи даврада жамоангиз яхши ўйнади. Иккинчи даврада ҳозирча кўнгилдагидек эмас. Бундай ҳолатда Кубок финалига қандай тайёргарлик кўрилди?

Александр Хомяков: - Албатта, бизда бир қатор муаммоларимиз бор ва биз буларни ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Жамоада ғалабалар серияси камайиб кетган. Кубок финали биз учун ниҳоятда аҳамиятли учрашув. Шу боис яхши тайёргарлик кўрдик. Муаммоларимиз бор эди. Уларни бартараф қилишга ҳаракат қилдик. Бу биз учун биринчи финал. Ўйинга қизиқиш катта. Хиссиётлар ҳам юқори. Мухлисларимизни ғалаба билан қувонтиришга ҳаракат қиламиз.

- “Андижон” доим ҳам финалга чиқадиган жамоа эмас. Жамоадошларингизни кайфияти, тайёргарлиги ва ички муҳит қандай?

Фарҳод Соҳибжонов: - Ўзимда ҳам биринчи марта. Барибир хаяжон бўлади. Эртага ўйинда ҳаммасини кўрсатамиз.

Агар номларга ва қоғозга эътибор қаратсак, “Навбаҳор” кучлироқ кўринмоқда. Бу ҳолатда “Андижон” қандай услуб билан ёки ниманинг эвазига ғалаба қозонмоқчи?

Александр Хомяков: - Ҳа, мен ҳам фикрларингизга қўшиламан. “Навбаҳор” нисбатан тажрибалироқ. Маҳоратли ўйинчилари бор. Халқаро майдонларда тўп суришган. Лекин биз ҳам бу борада етарлича тайёргарлик кўряпмиз. Кўпчилик учун бу биринчи финал. Жиддий тайёрланганмиз ва эртага майдонда исботлаймиз. Рақибни тажрибали ўйинчилари бор дегани бу ғалаба қозонади, дегани эмас. Биз етарлича тажрибага эгамиз. Эртага буни майдонда кўрсатамиз.

- “Андижон” ғалабаларини кўпинча Бектемир Абдуманнонов ва Фарҳод Соҳибжоновни фаоллиги эвазига қўлга киритди. Аммо Абдуманноновда фаоллик йўқолиб қолди. Финал олдидан унинг ҳолати сизни қанчалик ташвишлантиряпти?

Александр Хомяков: - Биздаги барча 23 нафар футболчи яхши тайёргарлик кўрмоқда. Уларнинг барчаси эртага майдонга тушишга тайёр. Фақатгина Абдуманнонов билан эмас, бошқа ўйинчиларда ҳам пасайиш ҳолатлари юзага келади. Ўйлайманки, у билан барчаси ортда қолди ва эртага майдонга тушса, яхши ўйин кўрсата олади.

-  Ўтган йили “Андижон” ярим мавсум давомида уй ўйинларини “Истиқлол” стадионида ўтказишга мажбур бўлган. Бу жамоага олдиндан ишонч ва мотивация беряптими? Яъни, сизларга ёрдам берадими?

Александр Хомяков: - Албатта, мухлисларнинг фаол олқишлаши бизга ёрдам беради. Барчамиз бу нарсани сезиб турибмиз. Масъулиятни жуда яхши тушуняпмиз. Бу саволга жавоб беришим қийин.

Фарҳод Соҳибжонов: - Тўғри, бизга таниш стадион. Эртанги ўйинда мослашишимиз осон бўлади, деб ўйлайман.  

- Кубок қўлга киритилса футболчиларга автомобил совға қилиниши ростми?

Александр Хомяков: - Билмайман. Келинг, аввал Кубокни ютайлик. Кейин бу ҳақида гаплашамиз. Асосий мақсадимиз Кубокни қўлга киритиш.

- “Андижон” биринчи даврада “Навбаҳор” билан икки марта ўйнаган. Кубокда ва чемпионатда. 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабадан кейин “Навбаҳор”да бош мураббий ўзгарган. Жамоа энди очиқроқ футбол намойиш қиляпти. “Навбаҳор”ни ўзгаргани сизларга устунлик берадими-йўқми?

Фарҳод Соҳибжонов: - Агар очиқ ўйин қиладиган бўлса, “Андижон”га плюс бўлади, қарши ҳужумларда...

- Эртага “Андижон” ҳужумкор ўйин кўрсатадими ёки ҳимоявий футболми?

Александр Хомяков: -  Рақиб қандай ўйин кўрсатишидан келиб чиқиб ўйнаймиз. Ҳозирдан бир нарса дейишим қийин бўлса керак. Жамоалар бир-бирини кучли ва кучсиз томонларини жуда яхши билади. Камроқ хато қилган жамоа ютса керак.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!