Александр Хомяков: "Бу саволга ўзим ҳам жавоб топа олмаяпман"

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида водий дербиси доирасида “Навбаҳор” ўз уйида “Андижон”ни қабул қилди. Қизиқарли ўтган баҳсда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Меҳмонлар харчанд уринишмасин барибир гол ура олмадилар. Учрашувдан сўнг “Андижон” устози Александр Хомяков саволларга жавоб берди.

- Ўйинга қандай баҳо берасиз?

- Анча яхши ўйин гувоҳи бўлдик. Олдин чемпионатда ютқазгандик ва ўша мағлубият учун реванш олишни ният қилгандик. Лекин “Навбаҳор” яхши ҳаракат қилди ва имкониятларни ҳам яратди. Ўйлайманки, улар ҳаққоний ғалабани қўлга киритишди. Бунинг учун “Навбаҳор”ни ғалаба билан табриклайман.

- Ижтимоий тармоқларда “Андижон”нинг молиявий муаммоларга дуч келгани ҳақида гапириляпти. Шу масалага муносабат билдирсангиз.

- Бу тўғрисида аниқ гап айта олмайман. Бу саволга шу ерда нуқта қўяйлик. Жамоамиз белгиланган режага мувофиқ иш олиб боряпти. Ҳаёт эса давом этяпти. Бу ерда ҳеч қанақа сир йўқ. Ҳамма жойда муаммо бор, буни рад этиб бўлмайди. Келинглар, бу ҳақида гаплашмасдан, ўйин хусусида гаплашганимиз маъқулроқ.

хомяков янги1_4

- “Андижон” охирги иккита учрашувда ғалаба қозонаётиб якунда ютқазди. Ўша учрашувларда нима сабабдан сўнгги дақиқаларда бешта ҳимоячи билан ўйнамадингиз? Тактик ўзгариш қилмадингиз...

- 6 ёки 7 та ҳимоячи билан ҳам ўйнашимиз мумкин. Нечта ҳимоячи бўлган тақдирда ҳам ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин. Нима ўзгариш юз беради? Яна битта ҳимоячи қўйсак ҳам нима ўзгаради? Саволни бошқачароқ қўйишимиз керак-да! Голлар қаердан ва қандай урилаётганини таҳлил қилишимиз лозим. Масалан, бугун 5 та ҳимоячи билан ўйнашимиз шарт эмасди. Ҳаводан келаётган тўп учун курашларда рақибга ютқазмаяпмиз. Бу унчалик тўғри савол эмас. Бошқа жиҳатларини ҳам ўрганишимиз керак.

- Охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборишнинг сабаби нимада?

- Ўзимга ҳам шу саволни беряпман. Лекин биз қараб турганимиз йўқ. Охирги дақиқаларда мувозанатни сақлаш етишмаяпти. Яна қаердадир маҳорат камлик қилиб қоляпти. Тўғри, чемпионатдаги охирги иккита учрашувда сўнгги дақиқаларда дарвозамиздан тўп ўтказиб мағлубиятга учраяпмиз. Албатта, бу аламли бўляпти. Бу саволга ўзим ҳам жавоб топа олмаяпман.

- Чемпионат доирасидаги учрашувда ҳам “Навбаҳор”га имконият бой берилганди. Чемпионатдаги ва Кубокдаги учрашув билан солиштирганда “Навбаҳор”нинг ўйинида қандай фарқлар бор?

- Албатта, фарқи бор. Нима бўлишидан қатъий назар “Навбаҳор” жамоаси билан ўйнаш анча мураккаб. Биз ҳам ҳаракат қиляпмиз. Биринчи учрашувда кўпроқ ҳимояланган бўлсак, бугунги баҳсда кўпроқ ўйинни назорат қилишга ҳаракат қилдик. Бугунги ўйин менга кўпроқ маъқул келди. Бироқ ҳужумда муаммоларимиз борлиги кўриняпти. Имкониятларга эга бўляпмиз. Бизнинг вазиятларимиз кўпроқ стандарт ҳолатларда бўляпти. Бугунги учрашувдан қониқдим. Курашяпмиз, аммо баъзида маҳорати етмай қоляпти.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
19/05/2023 04:55
Рах,мат Хомяков рах,мат болалар яхши ва кучлик у'йнадинглар Млх,ирбек х,ам биринчи у'йинида ёмон у'йнамади у'з устида ишласа келажакда яхши дарвозабон бу'лади кегинги у'йинларда галаба тилаймен
&
Bek 56
19/05/2023 04:57
Тузатиш; Мохирбек .дея у'к,илсин