Александр Хомяков: "Бугунги ўйин тугамаса керак, деб ўйлагандим"
Бугун “Андижон” ҳамда “Машъал” жамоалари ўртасидаги учрашув 1:1 ҳисобида якунланганидан хабардорсиз. Учрашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйин тўғрисида нима дея оласиз?
- Ўйлайманки, етарлича қизиқарли ўйин бўлди. Ғалабани хоҳлаганмидик ёки йўқ, айни дамда бу ҳақида фикр билдиришим қийин. Аммо, барибир ғалабани кўпроқ истагандим. Биз мана шундай асабий футбол бўлишини олдиндан билиб, шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Узоқдан пас узатиш орқали ўйин ташкил қилинди ва биз бунга етарлича тайёрлангандик. Биринчи таймда иккита қулай вазиятни яратдик. Бир-икки марта қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилдик, деб ўйлайман. Жанговар дуранг бўлди ва менимча бундан ҳамма хурсанд, дея ҳисоблайман.
- Натижадан қониқдингизми?
- “Андижон”дек жамоа билан шунингдек, мен учун қадрдон шаҳар ва мухлислар қаршисида дуранг ўйнаш яхши натижа, деб ўйлайман. Мен учун ёқимли.
- Янгиланган “Андижон” ҳақида фикрларингиз қандай?
- Кўриниб турибдики, янги раҳбарият ўзгартиришлар киритишга ҳаракат қилмоқда. Иқтидорли ёшларнинг жамоага қўшилгани билиниб турибди. Бу жамоа учун қувонарли ҳолат. Шундай ажойиб мухлислари бор шаҳар учун албатта кучли ва ишқибозларни хурсанд қиладиган жамоа керак.
- VAR ҳақида нима дейсиз?
- Фикрим ижобий. Бугунги ўйин тугамаса керак деб ўйлагандим (кулади). Лекин барчаси қойилмақом даражада. Баҳсли вазиятларни ҳал қилиш ўйлайманки, ижобий якунланмоқда.
Фикрлар