Александр Хомяков: "Энг асосийси, мухлислар меҳрини қозона олдик, деб ўйлайман"

“Андижон” – “Бухоро” (1:0) ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Александр Хомяков ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўта ҳиссиётларга бой ўйин бўлмади. Доимгидек яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қилдик. Йигитлар курашишди ва ғалаба қозонишди. Мавсумни ғалаба билан якунлашни ният қилгандик ва бунга эришдик. Чемпионат ҳам тугади. Биз билан бирга бўлган барчани табриклаб қоламан. Энг асосийси, мухлислар меҳрини қозона олдик, деб ўйлайман. Имкон қадар яхши ҳаракат қилдик ва мавсумни ёмон тугатмадик, деб ҳисоблайман. Кейинги мавсумда янада яхши натижаларга эришамиз, деб умид қиламан.

- Жамоангиз чемпионатни 7-ўрин ва турнир жадвалини ўртасида якунлади. Бу натижадан қониқдингизми?

- Нима дейишим мумкин? Натижалар ва бошқаларни ҳисобга олиб, умумий хулосани раҳбарият беради. Мен эса мураббий сифатида албатта доим энг яхшисини хоҳлайман. Тўғриси, қаердадир янада яхшироқ ҳаракат қилишимиз мумкин эди. Бизга баҳони раҳбарият беради. Кучли тўртталикка кирганимизда янада мақсадга мувофиқ бўларди. Шу ўринда раҳбариятга ҳам алоҳида раҳмат айтишим керак. Менга ишонч билдирган вилоят раҳбариятига ташаккур. Ўрни келганида Улуғбек Абдусатторовични ҳам унутмаслик керак. Буларнинг барчасига менга ишонч билдиришганлиги учун миннатдорчилик изҳор қиламан. Ўйлайманки, улар кутган натижани бера олганимиздан мамнунмиз.

“Андижон” матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!