Александр Хомяков: "Ишқибозларимиз олдида қарздор эдик"
Суперлигада 25-тур ўйинлари давом эттирилди. "Андижон" жамоаси ўз майдонида "Динамо"ни қабул қилди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этди.
- Жуда ҳам асабий ўйин. Бизга очко кераклигини жуда яхши билардик. Ишқибозларимиз олдида қарздор эдик. Уларни узоқ вақт давомида хурсанд қила олмадик. Ғалабадан хурсандман. Учрашувни жуда асабий бошладик, аммо яхшиямки рақибга кўп имкон бермадик. Барчани ғалаба билан табриклайман. Ўз уйингдаги биринчи ва сўнгги баҳс жуда муҳим. Биз биринчи даврада биздан кўп нарса кутишга ўргатиб қўйдик. Бугун ғалаба қозонишни уддаладик.
- Негадир кайфиятингиз яхши эмас?
- Албатта, хурсандман. Бироз чарчаганман чоғи. Эмоция ҳам, куч ҳам қолмаган. Ич-ичимдан хурсандман.
- "Навбаҳор" билан ўйинга тайёргарлик кўряпсизларми?
- Албатта. Бу дерби. Унда бошқача ўйналади. Ўтган сафар уларни бироз хафа қилган эдик. Рақибларда медаллар учун курашиш имкони бор.
- "Андижон"ни тарк этадиган футболчилар ҳақида маълумот борми?
- Менда бу ҳақида маълумот йўқ. Ҳозир ҳаммаси миш-миш. Раҳбарият билан суҳбатлашиб, сўнгги қарорни қабул қиламиз.
- Келаси мавсум жамоада қоласизми?
- Мен жамоа мураббийи бўлишимга қарамай, раҳбарият ҳозир бошқа мураббийлар билан ҳам музокаралар ўтказмоқда. Демак улар менинг ишимдан қониқмаган.
Фикрлар